ЎзА Ўзбек

15.09.2018 17:54 Чоп этиш версияси

10-11 синф ўқувчилари учун ҳарбий-спорт мусобақаси

Пойтахтимиздаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида илк бор “Темурбеклар” ҳарбий-спорт ўйинлари мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан ўтказилган фестивалда Тошкент шаҳридаги барча туманлардан 10-11 синф ўқувчиларидан иборат жамоалар иштирок этди.

Эртанги кунимиз эгалари ҳисобланган ёшлар сафда шахдам қадамлар билан юриш, ватанпарварлик қўшиқларини куйлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, арқон тортиш, югуриш, умуман, спортнинг бир неча турлари бўйича беллашди.

Қизғин ва муросасиз қарама-қаршиликларга бой бўлган ушбу тадбирда биринчи ўринни Чилонзор, иккинчи ўринни Юнусобод ҳамда учинчи ўринни Мирзо Улуғбек туманлари ёшлар жамоалари эгаллади. Ғолиб жамоаларга кубок, шунингдек, ҳарбий-спорт мусобақасида фаол иштирок этган ёшларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан ҳар ҳафтанинг жумаси “Маънавий юксалиш ва Ватанпарварлик куни” деб эълон қилинган.

Мазкур ҳарбий-спорт мусобақаси ҳам ёшларнинг фуқаролик бурчи, шахсий масъулиятини ошириш, шу юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш, қатъий эътиқодини мустаҳкамлаш, энг муҳими, уларни Ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА
2 612