Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2018 11:13 Чоп этиш версияси

1 сотих томорқадан 20 миллион сўм фойда

1 сотих томорқадан 20 миллион сўм фойда
Бўз туманида яшовчи Абдуманноб Элчиев гулларнинг энг ноёб турлари – пикус, алёндра, геран, хитой лоласи, Ҳиндистон пиёзи, узум гул каби 1300 туп гулни ҳудудимиз иқлимига мослаштириб тувакларда парваришламоқда.

Гуллар инсон кайфиятини кўтаради, эзгу ва гўзал ҳис-туйғуларга ошно этади. Айниқса, хона гуллари хонадон кўрки бўлиш билан бирга, саломатлик учун ҳам кони фойда. 

Мутахассислар алоэни ётоқхона учун энг яхши гул санашади. У бошқа ўсимликларга қараганда тунда хонани кислород билан кўпроқ таъминлар экан. Манзарали лимон дарахти баргларида 85 турдаги фойдали моддалар мавжуд бўлиб, у хона ҳавосини тозалаш хусусиятига эга. Хлорофитум гули, ҳажми 3 квадрат метр бўлган майдонни тозалашга қодир. Фикус – хонани кислород билан таъминлаш билан бир қаторда, ҳавони намлантиради ва токсинлардан бартараф қилади. Розмарин – ундаги фитонцидлар юқори нафас йўллари хасталиклари билан азият чекувчи инсонларга кўмак беради. Пеларгония – унинг таркибида тинчлантириш хусусиятига эга моддалар мавжуд бўлиб, у руҳий зўриқишда, уйқусизликда яхши самара беради.

Бундан ташқари, гуллар яхшигина даромад манбайи ҳамдир. Бунга бир мисол. Бўз тумани, “Пиллакор” маҳалласида яшовчи Абдуманноб Элчиев оиласининг асосий даромад манбаи бугунги кунда гулчилик ҳисобидан келяпти. Рўзғорнинг ободонлиги, тўкинлиги ва оила аъзоларининг ҳамжиҳатлиги уларнинг тадбиркор ва ишбилармонлигида десак, сира хато қилмаган бўламиз. 

Абдуманноб 3.JPG

Абдуманноб ака анча йиллар аввал томорқада атиргул етиштириб сотишни йўлга қўйганди. Қарасаки, қиши ёз бу бизнесни йўлга қўйса бўлади, фойда ҳам меҳнатга яраша. Унинг бу ташаббусини оиланинг бошқа аъзолари ҳам қўллаб-қувватлади, кўмак беришди. Томорқасида мўжаз иссиқхона қурди. Ҳозир мазкур хонадоннинг каттасидан кичигигача – барча гул парвариши амалларини яхши ўрганиб олишган. 

Аввалига фақат шунчаки гул ўстириш билан шуғулланган бўлса, эндиликда гулларнинг энг ноёб турларини ҳудудимиз иқлимига мослаштириб парваришламоқда. Айни вақтда иссиқхонада 20 турдаги – пикус, алёндра, геран, хитой лоласи, Ҳиндистон пиёзи, узум гул каби 1300 туп ноёб гулни тувакларда парваришламоқда.

Абдуманноб 2.JPG

– Гулчиликка қизиқишим ёшлигимдан баланд, – дейди Абдуманноб ака. – Бу қалбни ёшартиради, ҳузур беради. Қолаверса, яхшигина даромад ҳам келтиради. Бозорда рақобатчимиз кам. Ўтган йили 20 миллион сўм соф фойда олдим. Бу йил 30 миллион сўмни хомчўт қиляпман. Оилам фаровонлиги гулчилик ортидан таъминланяпти. Агар кимки, бир-икки сотих ердан тўқ-фаровон яшаш мумкин эмас, деган фикрда бўлса, уйимга келсин, мўжаз томорқада нималар қилиш мумкинлигини кўрсин.

ЎзА
12 808