ЎзА Ўзбек

13.09.2020 Чоп этиш версияси

1 октябрдан нималар ўзгаради ёхуд пандемия банкларга таъсир кўрсатдими?

1 октябрдан нималар ўзгаради ёхуд пандемия банкларга таъсир кўрсатдими?

Сўнгги пайтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бири – бу кредитлар бўйича муддати узайтирилган тўловларни 1 октябрдан кейин ҳам яна бир бор кечиктириш масаласидир.

Бу мавзуга ойдинлик киритиш учун баъзи маълумотларни ҳисобга олиш талаб этилади.

Хабарингиз бор, пандемия туфайли март ойидан бошлаб тижорат банклари кредитлар бўйича 26,5 триллион сўмлик тўловларнинг муддатини жорий йилнинг 1 октябрига қадар узайтириб берган эди.

Тўловлари кечиктирилган ва муддати узайтирилган кредитлар жами кредит портфелининг 42 фоизини ташкил этмоқда.

Бу билан дунёда кузатилаётгани каби бизда ҳам банк активлари сифатида ўзгаришлар юз берди.

Хусусан, банк тизимида муаммоли кредитларнинг улуши йил бошига нисбатан 0,9 фоиз бандга ошиб, 2,4 фоизга етди. Уларнинг 77 фоизини корпоратив мижозларга, 23 фоизини эса жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ташкил этмоқда.

Марказий банк коронавирус пандемиясининг банклар кредит портфели сифатига бўлган салбий таъсирининг олдини олиш ҳамда ликвидлилик хатарини вужудга келтирадиган ҳолатларга бардошлигини баҳолаш мақсадида доимий равишда стресс-тестлар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатида ўтказилган стресс-тест натижалари пул тушуми кескин камайган 10 мингдан ортиқ корхона жалб қилган кредитларнинг ўз вақтида тўлиқ сўндирмаслиги натижасида муаммоли кредитларнинг кредит портфелидаги улуши йил якунига қадар 2 баробарга ортиб, 7,6 фоизга етиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Хўп, ана шу вазиятда 1 октябрдан кейин нималарни ўзгартириш кўзда тутилмоқда?

-Марказий банк 2019 йилда Жаҳон банки экспертлари кўмагида қарздорларда молиявий қийинчиликлар вужудга келганда, кредит бўйича тўловлар муддатларини узайтиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиққан,-дейди Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов .- Мазкур тартибга асосан кредит бўйича тўлов муддатларини узайтириш масаласини банклар мустақил равишда қарздорнинг пул оқимларидан келиб чиққан ҳолда мижозбай кўриб чиқиши мумкин. Бунда ҳар бир мижознинг фаолият тури, уларнинг бозори ва молиявий имкониятлари алоҳида индивидуал тарзда кўрилади ва амалий ёрдам бериш чоралари изланади.

Бу эса тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллигини тиклаш ва шу орқали келгусида муаммоли кредитлар вужудга келишининг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, ҳар бир мижоз билан ишлаш ва ёрдам бериш механизми орқали банклар кредит портфелидаги ҳолатни ҳам яхшилайди.

Юртимизда фаолият юритаётган ва кредит олган корхоналарнинг қарийиб 70 фоизининг аҳволи ёмонлашганини кузатиш мумкин.

Агар каратин чоралари юмшашда давом этса, одатдаги тартибга ўтилади. Фаолияти тикланмаган, даромадсиз қолган корхоналар учун енгиллашган чораларни кўриш борасида банкларда ҳуқуқий асос яратилган.

13 269
Сайёра ШОЕВА, ЎзА