ЎзА Ўзбек

27.07.2018 17:54 Чоп этиш версияси

1 миллион 147 минг нафар аҳоли иш билан банд, 115 минг нафари эса ишсиз

1 миллион 147 минг нафар аҳоли иш билан банд, 115 минг нафари эса ишсиз
Наманган вилоятида бандлик дастури ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлашда жойларда ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларининг ўрни қандай? 

Шу ва бошқа масалалар хусусида Наманган вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шуҳрат Пўлатов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ва туман марказларида ташкил этилган 70 та анъанавий меҳнат ярмаркасига 20 минг 534 киши жалб этилган. Уларнинг 11 минг 297 нафарига ишга йўлланма берилган бўлса, жойларда ўтказилган 11 та сайёр меҳнат ярмаркасида 1000 га яқин киши қатнашиб, 454 нафари ўзига муносиб иш ўрнига эга бўлди. Коллеж битирувчилари, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган фуқаролар, меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш доимий эътиборда.

Ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш нуқтаи назаридан шаҳар ва туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, маҳалла фуқаролар йиғини ва бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан махсус ҳисобдан чиқарилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг ўзи ва оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Бу борада вилоятдаги тегишли ташкилотлар билан қабул қилинган қўшма қарор асосида махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқлииб, вазифалар аниқ белгилаб олинган.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Кониституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахслар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида 130 дан зиёд афв этилган фуқароларнинг 90 нафари бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан ишга жойлаштирилди. Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган жами 543 нафар шахс билан ўтказилган индивидуал суҳбат асосида уларнинг 155 нафари Бандликка кўмаклашиш марказлари ёрдамида ўз иш жойига эга бўлди. Озодликка чиққан фуқаролардан 293 нафари мустақил равишда ишга жойлашгани эътиборга моликдир.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар бандлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш юзасидан жорий йилда 87 марта меҳнат ярмаркаси ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ўтган олти ойда уларнинг 70 таси ўтказилди. 79 нафар жазодан озод этилган фуқаро ишга жойлаштирилди.

Эришилаётган натижалар билан бирга, айрим камчилик ва муаммолар ҳам бор, албатта. Вилоятда иш билан банд аҳоли сони 1 миллион 147 мингни, ишсизлар эса 115 мингдан кўпроқ кишини ёки ҳалқаро меҳнат ташкилоти методологиясига мувофиқ иқтисодий фаол аҳолига нисбатан (ишсизлик даражаси) 10,1 фоизни ташкил этади. 

Меҳнат бозоридаги муаммолардан бири бу – норасмий бандлик. Чакана савдо, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарида норасмий ишлаётганлар, руйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар, хизмат кўрсатаётганлар ҳисобига ишсизлик кўрсаткичи ҳақиқатга нисбатан юқори бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари, тадбиркорларга ер ажратиш, коммунал хизматлар кўрсатиш ва кредит ажратишда муаммолар тўлиқ бартараф этилди, деб бўлмайди. Жойларда туман ҳокимликлари томонидан 38 лойиҳага ер ва бино иншоотлари ажратиш масаласи ҳал этилмаган. Мисол учун, Мингбулоқ туманида 8 та, Наманган туманида 6, Норинда 13, Чортоқда 8 та лойиҳага туман ҳокимлари томонидан ер ва бино иншоотлари ажратиш ишлари муддатидан кечиктирилмоқда. 

Меҳнат бозоридаги вазият оғир шароитда вилоятда жорий йил давомида Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 22 минг 506 иш ўрни яратиш, давлатимиз раҳбарининг 2-3-май кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида ишлаб чиқилган қўшимча дастурга асосан 47 минг 208 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила тадбиркор” ва “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари асосида яна минглаб қўшимча иш ўринлари яратиш чора-тадбирлари белгиланган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш натижасида йилнинг ўтган даврида вилоятда 8 минг 152 доимий иш ўрни яратилди. Жумладан, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш орқали 3 минг 736, банк филиалларининг мижози бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 4 минг, хусусий клиникалар ва боғчалар қуриш ҳисобига 392 янги иш ўрни ташкил этилди.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, шаҳарларда кўп қаватли турар жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилмасидаги қурилиш ишларига 1 минг 423 фуқаро мавсумий ишга жалб этилди. Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 4 минг 979 нафар фуқаронинг бир йиллик бандлиги таъминланди. Якка тартибдаги тадбиркорларга 334 нафар ёлланма ишчи бириктирилди. 10 мингдан зиёд мавсумий иш ўрни яратилди. Аҳоли томорқа хўжалигида иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига 1 минг 573 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, йил давомида 10 минг нафардан ортиқ киши вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Бу мақсадларга 7 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.

Акромжон Сатторов ёзиб олди, ЎзА
3 892