ЎзА Ўзбек

12.10.2020 Чоп этиш версияси

1-курс талабалари учун дарслар бошланди

1-курс талабалари учун дарслар бошланди

Коронавирус пандемияси сабаб жорий ўқув йили олий таълим муассасаларида ҳам ўзгача бошланмоқда. Бугундан 1-курсга қабул қилинган талабалар учун танишув-таништирув дарслари ўтилиши бошланади.

Бир ҳафта давом этадиган бу каби дарслар анъанавий шаклда олиб борилади, десак ҳам бўлади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ҳам айни дарслар бугун, 12 октябрдан бошланди. Университетда айни жараён учун алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Шу йилнинг 17 октябригача давом этадиган ўқиш, университет томонидан талабаларнинг ОТМга келиб, яқиндан танишишлари учун ҳар битта йўналиш бўйича маълум бир кун белгиланган. 

photo_2020-10-12_11-20-02.jpg

photo_2020-10-12_11-20-12.jpg  

Айнан тайёрланган график асосида талабалар ўз йўналишлари бўйича таълим масканига келиб, университет билан яқиндан танишади.

Бугун, 12 октябрда “Босма ОАВ” ва “Спорт журналистикаси” йўналишлари талабалари университетга келиб, ўзи ўқийдиган ОТМ билан танишган бўлса, 13 октябрь – “Ҳарбий журналистика” ва “Телерадиожурналистика”, 14октябрь – “Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар” ва “Халқаро журналистика”, 15 октябрь – “Медиадизайн” ва “Медиамаркетинг ва реклама”, 16 октябрь – “Интернет журналистика” ва “Сиёсатшунослик” йўналишлари талабалари учун дарслар бўлиб ўтади.

Бу жараёндан сиртқи таълим шаклида таҳсил оладиганлар ҳам четда қолмайди. 17 октябрь куни “Босма ОАВ”, “Телерадиожурналистика” ва “Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар” йўналишларига қабул қилинган талабалар 2 пара дарсда қатнашади. Биринчи парада талабаларга университет ҳақида тайёрланган презинтация тақдим этилади. Унда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети – қачон ташкил этилган, университет тузилмаси, ходимлари ва университет қадриятлари ҳақида маълумот тақдим этилади.

Танишув дарсларида талабаларнинг университетда ўқиш қоидалари, гуруҳ раҳбарлари билан яқиндан таништириш, онлайн-платформа, ундан қай тарзда фойдаланиш ҳақида тушунчалар бериш режалаштирилган.

Иккинчи пара эса талабанинг мутахассислиги бўйича таниқли журналистлар томонидан олиб борилади. “Спорт журналистикаси” йўналиши талабаларига Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, “Телерадиожурналистика” йўналишига Нилуфар Умурзоқова маҳорат дарсларини олиб боради. Шундай тартиб бошқа йўналишларда ҳам қўлланилади.

Маълумот учун, юртимизда COVID-19 пандемияси даврида таълим муассасаларида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарори мавжуд бўлиб, унда 1-чи курсга қабул қилинган талабаларда ўқишнинг биринчи ҳафтаси анъанавий шаклда бўлиши кўрсатиб ўтилган.

7 936
ЎзА