ЎзА Ўзбек

18.07.2018 18:44 Чоп этиш версияси

“Ўзтрансгаз”: истеъмолчиларга яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди

“Ўзтрансгаз”: истеъмолчиларга яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди
Тошкентда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан “Халқ розилиги – давлат тараққиётининг бош омили” мавзуида республика конференцияси ташкил этилди. 

Унда мутасадди ташкилот вакиллари, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши бошқаруви ходимлари иштирок этди. 

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда 6 миллион 143 минг истеъмолчига газ ёқилғиси етказиб берилмоқда. Жумладан, 3 миллион 300 минг уй-жой ва 83 мингга яқин улгуржи истеъмолчи табиий газ, 2 миллион 760 минг аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Улгуржи истеъмолчиларнинг 5 минг 700 га яқини саноат корхоналари, 45 минг 500 га яқини маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда 31 минг 500 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларидир. 

Тадбирда мутасаддилар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда газ таъминоти корхоналари ходимларининг муомала ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, истеъмолчилар учун яратилган қулайликлар ҳамда 2018-2019 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди. 

– Аҳолига газ таъминоти бўйича маълумотга эга бўлиш ва тўловларни амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида www.uztg.uz веб-портали ишга туширилди, – дейди “Ўзтрансгаз”АЖ ахборот-коммуникация технологиялари маркази раҳбари Жамолиддин Комилов. – Унда фуқаролар хонадонининг 1 йиллик сарҳисоби маълумотларини босма шаклда олиши мумкин. Шунингдек, хонадоннинг газ истеъмоли ҳисоб-китоби ва амалга оширилган тўловлар ҳақидаги батафсил маълумотларни мунтазам кузатиб бориш мумкин. 

Тадбирда «Ўзтрансгаз» АЖ ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА
6 965