ЎзА Ўзбек

07.12.2019 Чоп этиш версияси

“Ўзэнергоинспекция”: Бухорода электр тармоқларининг муҳофаза зоналаридаги 750 та бино ноқонуний қурилган

“Ўзэнергоинспекция”: Бухорода электр тармоқларининг муҳофаза зоналаридаги 750 та бино ноқонуний қурилган

Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал ривожланиши натижасида кундан-кунга янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари барпо этилмоқда. Ўз навбатида янги корхоналарнинг пайдо бўлиши билан бирга ер ресурсларига бўлган талаб ҳам ошмоқда. Бу каби масалаларни ҳал этишда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзбошимчалик билан юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари остида бино-иншоотларнинг ноқонуний қурилиши ҳамда фуқаролар томонидан дарахтларни тартибсиз экилиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сонли “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари” тўғрисидаги қарори талаблари бузилмоқда. 

Электр тармоқлари хўжалиги муҳофаза зоналарининг бузилишини олдини олиш мақсадида “Ўзэнергоинспекция” Бухоро ҳудудий бўлими томонидан жойларда доимий ўрганишлар ўтказилиб, профилактик ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, ўтказилган ўрганишлар давомида Бухоро вилоят ҳудудида электр тармоқлари муҳофаза зоналарида қурилган жами 750 та бино ва иншоотлар аниқланган. Шундан 35/110 кВли ҳаво тармоқлари муҳофаза зонасида қурилган ноқонуний бино-иншоотлар сони 396 та, 220 кВли ҳаво узатиш тармоғининг муҳофаза зонасида қурилган ноқонуний бино-иншоотлар сони 354 тани ташкил этади.

Ҳозирги кунда электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зоналарини тиклаш мақсадида муҳофаза зонасида қурилган 750 та ноқонуний қурилмалар бўйича ҳужжатлар тегишли тартибда суд органларига тақдим этилган бўлиб, 249 та ноқонуний қурилмаларни бузиш бўйича суд қарорлари чиққан. 

Айни пайтда ушбу суд қарорлари чиққан ноқонуний қурилмаларнинг 112 таси бузилиб, электр узатиш тармоқларининг муҳофаза зоналари қайта тикланган. Қолган 638 та ноқонуний қурилган обьектларни муҳофаза зонасидан кўчириш чораларини кўриш мақсадида “Бухоро МЭТ” филиали ва “Бухоро ҲЭТК” АЖларга “Ўзэнергоинспекция” Бухоро ҳудудий бўлими томонидан тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жойларда тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилган ва муҳофаза зонасини бузган фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектларига бу ишлари билан ўзлари ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўяётганлари таъкидлаб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидалари” тўғрисидаги қарорида электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари қуйидагича белгилаб берилган:

– 1 кВ гача кучланишли тармоқлар учун - 2 метр (биноларни деворлари, конструкциялар ва ҳоказолар бўйлаб ўтказилган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли тармоқлар учун муҳофаза зонаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ўрнатилган бундай тармоқлардан рухсат этилган энг кам масофалар билан аниқланади);

– 20 кВ.гача кучланишли тармоқлар учун – 10 метр (аҳоли пунктлари чегараларида жойлашган ўзини ўзи тутиб турувчи ёки изоляцияланган симли тармоқлари учун 5 метр);

35 кВ кучланишли тармоқлар учун – 15 метр;
110 кВ кучланишли тармоқлар учун – 20 метр;
220 кВ кучланишли тармоқлар учун – 25 метр;
500 кВ кучланишли тармоқлар учун – 30 метр;

Ер ости электр узатиш кабель тармоқлари бўйлаб – электр узатиш тармоғининг иккала томонига параллел вертикал текисликлар билан чегараланган, четдаги кабеллардан 1 метр, агар кабель тармоқлари шаҳарларда йўлаклар остида ўтказилганда эса бино ва иншоотлар томонга 0,6 метр ва кўчанинг транспорт ҳаракатланадиган қисми томонига 1 метр масофага четланган ер участкасининг юза қисми, унинг остида жойлашган (электр узатиш кабель тармоқлари ўтказилган чуқурликка мос тарзда) ер қаъри кўринишида белгиланган.

Бухоро ҳудудий бўлими мутахассислари истеъмолчиларга электр узатиш тармоқлари остига 3,5-4 метрдан баланд ўсадиган дарахтларни экмаслик, шунингдек узоқ йиллик баланд ўсадиган дарахтларни экиш электр симларига тегиб, нохуш ҳолатлар, яъни электр энергияси таъсирига тушиш, жароҳатланиш, ёнғин келтириб чиқариши тўғрисида кўникмалар беришмоқда.

“Ўзэнергоинспекция” Бухоро ҳудудий бўлими бу каби ишларни келажакда янада жадал суръатларда давом эттириб, электр энергияси истеъмолчилари хавфсизлиги йўлида кенг кўламли ишларни амалга оширади.

Бу борадаги ишларда истеъмолчиларнинг беминнат ёрдамлари қилинаётган ишларнинг тезда ўз натижасини беришига туртки бўлади. Шундай экан ҳар бир фуқаро электр тармоқлари хўжалигининг муҳофаза зоналарига риоя этишлари жамият хавфсизлигининг гаровидир.

Салоҳиддин ФАЙЗИЕВ,
“Ўзэнергоинспекция”
Бухоро ҳудудий бўлими бошлиғи

13 278
ЎзА