Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.06.2018 18:58 Чоп этиш версияси

“Ўзэлтехсаноат” АК: Муаммолар таҳлилига бағишланган йиғилиш ташкил этилди

Миллий матбуот марказида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган ишлар, истиқболли режалар, тизимдаги муаммолар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда “Ўзэлтехсаноат” ва унинг таркибидаги корхоналар раҳбарлари тармоқнинг бугунги кундаги ҳолати ва республикада электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида ахборот берди.

Таъкидландики, мамлакатимизда электротехника саноати жадал ривожланмоқда. Тизимда хорижий инвесторлар иштирокида кабель-сим, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган янги корхоналар фаолият олиб бормоқда. Жумладан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида тўқилган полиэтилен изоляцияли кабелларни ишлаб чиқарувчи корхонанинг барпо этилиши соҳада амалга оширилган йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

2017 йилда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилга нисбатан 3,3 бараварга ўсган. Бунга ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали эришилган. Аксарият корхоналар маҳсулотларини Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Украина, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия каби ўнлаб хорижий давлатларга экспорт қилмоқда.

– 2018-2021 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумий қиймати 731,2 миллиард сўм бўлган 43 янги лойиҳани амалга ошириш орқали 1 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган, – дейди “Ўзэлтехсаноат” АК бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи А.Абдуллаев.

Халқаро ҳамкорлик доирасида жаҳонга машҳур компаниялар билан англашув меморандумлари, икки томонлама келишув шартномалари имзоланган. Жанубий Кореянинг “Kiturami”, Хитойнинг “Haier Group”, Туркиянинг “Odul Madeni” компаниялари билан маиший техника ишлаб чиқариш соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида “Ўзэлтехсаноат”нинг 2018 йилдаги устувор вазифалари ҳақида айтилди. Таъкидланишича, электротехника соҳасига жаҳон брендларини фаол жалб этиш орқали давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш, ишлаб чиқариш жараёнига илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, маиший техника қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали маҳсулот нархининг арзонлашишига эришиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Файёз Ачилов, ЎзА
4 469