ЎзА Ўзбек

20.08.2018 12:58 Чоп этиш версияси

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясида “Мутолаа хонаси” ташкил этилган

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясида “Мутолаа хонаси” ташкил этилган
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясида “Саодат” журнали бош муҳаррири М.Усмонова, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Э.Аъзам ва бир қатор ёш, истеъдодли қаламкашлар билан бўлган учрашувда китобнинг инсон ҳаётидаги муҳим жиҳатлари хусусида алоҳида сўз юритилди. 

Китоб инсон камолотининг сарчашмаси, илм бўстонининг нури, тафаккур кўзгуси саналади. Шу билан бирга, у инсоният онгли ҳаёти ва маънавият оламининг бош тимсолларидан саналади. Китоб – бепоён олам: бағрикенг, осмони баланд, туби теран... Биздан бурунги замонларда, узоқ ва яқин ўтмишда яшаган инсонлар ўзларида ва атрофдагиларда кечган жами завқ-шавқ ҳамда лаззат, илм-ҳунар гавҳарини ўзларидан кейинги авлодларга мерос бўлсин, дея китоб саҳифаларига муҳрлаб кетганлар.

Тадбирда “Мушоира кечаси” ҳам ўтказилиб, инсонни хаёлот оламининг олис манзилларига етаклаб, қалбларга ўзгача илиқ ҳислар уйғотувчи сара мисралар ўқилди.

Қайд этиш жоизки, кейинги вақтларда аҳолининг кенг қатламини китоб ўқишга жалб қилиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, вояга етаётган фарзандларимизни боғча ёшидан бошлаб китобга меҳрли қилиб тарбиялаш, китоб маҳсулотларининг мазмунига эътибор қаратиш, уларни чоп етиш сифатини яхшилаш ҳамда чекка қишлоқ ва овулларгача бориб етишини таъминлаш, китоб дўконларини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Шу маънода “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясида ҳам “Мутолаа хонаси” ташкил этилган бўлиб, у ходимлар билан ҳамиша гавжум. Бу ердан ҳуқуқий, илмий, тарихий ва соҳавий адабиётлар, жаҳон ва ўзбек бадиий адабиётининг сара намуналари жой олган. Тадбирда иштирок этган ижодкорлар ўз ижод намуналарини “Мутолаа хонаси”га тақдим этишди.

ЎзА
4 344