ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

"Ўзбектелеком" ходимларининг бошқарув кўникмалари оширилмоқда​

"Ўзбектелеком" ходимларининг бошқарув кўникмалари оширилмоқда​

"Ўзбектелеком" АК ўз филиалларида фаолият юритаётган раҳбарлар ва бош ҳисобчилар учун махсус курслар ташкил қилди. Улар ушбу курслар ёрдамида ўзларининг бошқарув кўникмаларини ошириши ҳамда тайм-менежментнинг илғор услубларини ўрганиш имконига эга бўлади.

Янги ўқув курсларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сўзга чиқди.

Вазир "Ўзбектелеком" АКни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишларини, тақдим этилаётган телекоммуникация хизматларини такомиллаштириш, менежмент сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Тадбирда компания филиаллари раҳбарлари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, ўзаро фикр алмашди. Улар тайм-менежментнинг замонавий услубларидан фойдаланиш асосида компания ходимларининг иш сифатини яхшилаш ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ёшлар билан учрашуви чоғида ёшларни қўллаб-қувватлашга доир билдирган таклифлари ҳам ўрганилди.

Янги ўқув курслар дастури бир ҳафталик муттасил машғулотларни ўз ичига олган бўлиб, уларда менежмент соҳасидаги етакчи мутахассисларнинг 15 дан ортиқ маърузалари тақдим этилади. Айни пайтда компания бўлимларидаги ҳисобчилар учун ҳам махсус машғулотлар ўтказилади.

2 232
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА