Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 17:43 Чоп этиш версияси

"Ўзбекистонга оилам билан албатта келаман...”

"Ўзбекистонга оилам билан албатта келаман...”
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр“ от спорти клубида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича жаҳон кубоги финал босқичи бўлиб ўтмоқда.

Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан спортчи ва мутахассислар иштирок этаётган ушбу нуфузли турнирнинг финал босқичини томоша қилиш учун юртимизга Европа, Жанубий Америка, Африка ва Осиё қитъасининг турли мамлакатларидан от спорти ихлосмандлари ташриф буюрган.

e56a26b3-9d93-4145-bf58-f9c69c61edb6.jpgЎмон қироллиги оиласи вакили, қироллик от спорти федерацияси президенти Саид Мунзир Абулсаид ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистонга илк ташрифим билан боғлиқ илиқ таассуротлар ҳали аэропортда эканимдаёқ бошланди. Одатда, бошқа давлатларга сафарим чоғида аксарият ҳолларда у юртнинг ҳавоси, тартиб-қоидалари, хуллас, шунга ўхшаш сабаблар билан бегоналик ҳисси чулғаб олар эди. Юртингизда эса бундай ҳолат мутлақо кузатилмади. Жуда кам такрорланадиган ушбу туйғуни ҳис этар эканман, бамисоли она Ватанимда юргандек бўлдим.

Мамлакатингизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кўп эшитган эдим. Бугун ана шу ишларни ўз кўзим билан кўриб турибман. Айниқса, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида ўтказилган қатор учрашувларда мамлакатингиз спортида, хусусан, йилқичилик ва от спорти соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибордан ҳайратга тушдим.

Ўзбекистон от спорти вакиллари қисқа фурсат ичида жаҳонда ўз ўрнига эга бўлди. Мазкур нуфузли мусобақа финал босқичининг айнан юртимизда ўтказилаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. От спорти вакилларингизнинг қисқа фурсатда бундай натижага эришиш сабаби барчани, жумладан, мени ҳам қизиқтирар эди. Энди эса барчаси ойдинлашди, давлатнинг спортга бу қадар эътибори албатта улкан зафарлар сари йўл очади.

Мусобақа жуда ажойиб ташкил этилган. Ишончим комилки, Ўзбекистон бундан буён ҳам юксак даражадаги спорт мусобақаларига мезбонлик қилишга қодир ва шундай бўлади ҳам, иншаоллоҳ. Буларнинг барчаси учун мутасаддиларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз Ўзбекистон билан йилқичилик ва от спорти соҳасида ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз.

661fb789_22e0_462c_89fb_8d5610f10c40.jpg

Халқингизнинг ғоят меҳмондўст ва олижаноб эканини таъкидламоқчиман. Ўзбекистон табиати, ҳавоси, одамларининг бир-бирига меҳр-оқибати, энг асосийси, бориб кўриш лозим бўлган тарихий шаҳарлари кўп, ҳайратланарли. Буларни мен яқинларимга тасвирлаб бера олмайман. Шу боис, қатъий қарор қилдим: Иншоаллоҳ, Ўзбекистонга оилам билан яна албатта келаман!

Авазбек Худойқулов, ЎзА