ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бундан беш йиллар аввалгисидан ўзининг ижобий жиҳатлари билан кескин фарқланади”

“Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бундан беш йиллар аввалгисидан ўзининг ижобий жиҳатлари билан кескин фарқланади”

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги "Оқтош" сиҳатгоҳида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан "Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлиғини сақлаш ва тиклашда санатор-курорт муассасаларининг ўрни ва аҳамияти" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Унда юртимиз ва хорижлик шифокорлар, касаба уюшмалари соҳаси вакиллари, олимлар, экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари Ё.Файзуллаев, мазкур жамоат ташкилотининг Санатор-курортлар бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов ва бошқалар мамлакатимизда меҳнаткашлар саломатлигини муҳофаза қилиш, улар ва оила аъзоларига ғамхўрлик қилиш масаласи устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Бугун Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси тизимида 18 санаторий ва битта дам олиш уйи аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Санаторийларда 2969 юқори малакали тиббиёт ва бошқа ходимлар ишлайди.

Санаторийларда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг касб малакасини ошириш, даволаш-профилактика муолажаларга илғор усул ва технологияларни жорий этишга, айниқса, фахрийлар, оналар ва болалар, нуронийларни соғломлаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар мунтазам тарзда халқаро туристик ярмаркаларда, кўргазмаларда сайёҳлик агентликлари билан биргаликда қатнашиб, дипломлар билан тақдирланмоқда.

Юртимизда санаторийларнинг моддий-техник базасини янада яхшилаш, янгиларини барпо этиш, илғор даволаш технологияларини жорий этиш, аҳоли учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу эса наинки юртдошларимиз, балки хорижий фуқароларнинг санаторийларимизда соғломлаштиришга оид кўрсаткичининг тобора ортишида асосий омил бўлмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан санаторий муассасалари рентабеллигини ошириш мақсадида уларнинг иқтисодий ҳолати мониторинги олиб борилмоқда. Бунинг натижасида санаторий ва дам олиш масканларини мунтазам реконструкция қилиб бориш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, замонавий талабларга жавоб берадиган шароитларни яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан турли давлатлардаги санаторий ва курортлар билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, санаторий вакиллари Россия, Озарбайжон, Грузия, Хитой, Украинага юборилди. Даволаш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

– Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бундан беш йиллар аввалгисидан ўзининг ижобий жиҳатлари билан кескин фарқланади, – деди Озарбайжон касаба уюшмалари конфедерацияси раиси ўринбосари, Курортлар кенгаши раиси Абиль Агасиев.

– Анжуман мавзуси долзарблиги, унда мутахассислар ўзаро тажриба алмашиш имконига эгалиги билан жуда фойдали бўлди, – деди грециялик мутахассис Александрос Доунаус. – Биз Ўзбекистонда санаторийлар тиббиёт масканлари, шифохоналар, илмий муассасалар билан узвий ҳамкорлик қилаётгани, бу борадаги барча эзгу интилишлар инсон саломатлигини асрашга йўналтирилгани гувоҳи бўлдик.

Конференцияда санатор-курорт масканлари бошқариш тизимини ташкил этиш, санаторийларда даволаш ишларида халқ табобатидан фойдаланиш, юқумли бўлмаган сурункали касалликларни даволаш, парҳез овқатланишни ташкил этишда замонавий ёндашув, соғломлаштириш туризмида илғор технологиялар батафсил муҳокама этилди.

Анжуман иштирокчилари пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, жумладан, Tashkent City, санаторийлар фаолияти билан танишди. Қўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга саёҳат чет элликларда унутилмас таассурот қолдирди.

2 058
Назокат УСМОНОВА, ЎзА