ЎзА Ўзбек

16.08.2018 10:39 Чоп этиш версияси

“Alajlan & Bros companies group“ компанияси Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи

“Alajlan & Bros companies group“ компанияси Ўзбекистонга инвестиция киритмоқчи

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида “Alajlan & Bros companies group“ компанияси раҳбари Шайх Муҳаммад Абдулазиз Ал Ажлан бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистонга инвестиция олиб кириш, ўзаро самарали ҳамкорлик қилиш мақсадида келган меҳмонларни Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Абдимухтор Эргашев кутиб олди. У меҳмонларга соҳада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш, боғдорчилик ва сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди.

Шайх Ал Ажлан Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини араб мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Африка давлатларига экспорт қилишни мақсад қилгани ва бу бўйича қўшма корхона тузиш режаси борлигини маълум қилди.

Ўзбекистон заминида етиштирилган маҳсулотлар мазали ва сифати юқори. Уни татиб кўриб шунга амин бўлдик. Биз ёнғоқ, писта, шафран каби маҳсулотларни тўлиқ ҳажмда экспортини ташкил эта оламиз. Шунингдек, бошқа турдаги барча ҳўл ва қуруқ мева-сабзавот маҳсулотларини араб мамлакатлари, Яқин Шарқ ва Африка давлатларига экспорт қилиш имкониятига эгамиз. Бу борадаги тажрибамиз катта, – дейди Шайх Ал Ажлан.

Учрашув якунида Абдимухтор Эргашев Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда талаб қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини тузиш лозимлигини таъкидлади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлик бўйича уч томонлама меморандум имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди.

ЎзА
5 274