Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2018 16:11 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” танловининг Фарғона вилояти босқичи бўлиб ўтди
“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” танловининг Фарғона вилояти босқичида 56 нафар қатнашчи ҳифз ва тиловат йўналишида ўз билим ҳамда иқтидорини намоён этди.

– Ислом дини доимо эзгуликка чорлаган, – дейди Фарғона вилояти бош имом-хатиби Т.Эрбўтаев. – Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад Қуръон оятларини юртдошларимизга эшиттириш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат. Танлов илоҳий Каломнинг файзини дилларга жо этиш, қори ҳамда қорияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ноёб фазилатларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

9.JPG

Беллашувда ҳифз (Қуръони каримни тўлиқ ёд олган) йўналиши бўйича 18 -25 ёшли қатнашчилар ўртасида Муҳамадисо Маҳмудов, 26-40 ёшлилар ўртасида Муҳсин Содиқов ғолибликни қўлга киритди. Тиловат йўналишида 18-25 ёшлилар ўртасида Муҳаммадамин Каримов, 26-40 ёшдаги иштирокчилар орасида Расулбек Йўлдошев биринчи ўринни эгаллади.

1 (1).JPG

Шунингдек, мусобақада қориялар чиқишлари ҳам алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Тиловат йўналишида 18-25 ёшлилар ўртасида Назокат Алиматова, 26-40 ёшли қориялар ўртасида Оминахон Акбарова, ҳифз йўналишида 18-25 ёшлилар ўртасида Мубинабону Муйдинова, 26-40 ёшлилар ўртасида Зиёдахон Ваҳобова ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб, деб топилди.

Ҳар бир йўналишда биринчи ўринни қўлга киритганлар танловнинг мамлакат босқичида қатнашади. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Масъуджон Сулаймонов, Муимжон Қодиров (сурат) ЎзА
9 614