Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 17:40 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Сайлов кодекси қандай бўлади?

 Ўзбекистон Сайлов кодекси қандай бўлади? Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси “Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси” порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида ҳам жойлаштирилган.

ЎзА мухбири лойиҳанинг мазмун-моҳияти ҳақида Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Гулноза РАҲИМОВА билан суҳбатлашди.

– Сайлов қонунчилиги мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутади, – дейди Г.Раҳимова. – Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг халқаро меъёрлари ҳамда демократик принципларига жавоб беришида қонунчиликнинг аҳамияти беқиёс. Шунинг учун Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминлаш, давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда сайлов қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича Ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳ таркибига депутатлар, сенаторлар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва котибиятининг масъул ходимлари, шунингдек, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги тажрибали мутахассислар, экспертлар, олимлар ва амалиётчилар киритилди.

Лойиҳа сайловларни кузатиш бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар миссияларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланди.

Сайлов кодекси лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг сайловлар тўғрисидаги амалдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларни унификациялаш кўзда тутилган.

Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида сайлов қонунчилиги инвентаризацияси ўтказилди ва сайловлар ўтказишнинг миллий амалиёти умумлаштирилди. 15 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг сайлов қонунчилиги ва тажрибалари ўрганиб чиқилди.

– Сайлов кодекси лойиҳаси ва унинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтсангиз.

– Сайлов кодекси лойиҳаси 18 боб, 100 моддадан иборат бўлиб, қуйидаги янги қоидалар билан янада такомиллаштирилди.

Мисол тариқасида Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш институти бекор қилиниши назарда тутилган. Бироқ Қонунчилик палатасидаги депутатлар миқдорини (150 та ўрин) сақлаб қолиш таклиф қилинмоқда.

Сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхатини жорий қилиш қоидалари қонун билан тартибга солинади, ягона ҳужжатни жорий қилиш орқали “Сайлов варақаси” деган тушунча бекор қилиниб, сайлов бюллетенида муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда асосий ҳужжат сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

Сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилади.

Сайловчига, сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилмоқда.

Ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённомалари нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга зудлик билан осиб қўйиш тартиби жорий этилмоқда.

Овоз бериш якунланиши билан участка сайлов комиссиясининг аниқ ҳаракатлари кўзда тутилмоқда (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш, округ сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бошқалар).

Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов пайтида сайлов округларини тузишдаги сайловчилар сонидаги мумкин бўлган максимал фарқи 15 фоиздан ошмаслиги тўғрисидаги тартиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бир пайтнинг ўзида ўтказилган ҳолда ягона сайлов участкасини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги Низомни бекор қилиш орқали Сенат аъзоларини сайлаш тартиби қонунчилик даражасида белгиланмоқда.

Барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар ва бошқа янгиликлар жорий этилмоқда.

– Сайлов кодексининг қабул қилиниши қандай натижа беради?

– Кодекснинг қабул қилиниши сайлов муносабатларининг янада сифатли ҳуқуқий тартибга солиниши, уларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминланиши, мавжуд бир-бирини инкор қилувчи қоидаларни бартараф этилишига имкон беради.

Мамлакатда партиялараро соғлом рақобатни яратиш ва сиёсий партияларни янада фаоллаштиришга, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва сиёсий фаоллиги ошишига, кучли фуқаролик жамиятига эга демократик ҳуқуқий давлат сифатида дунё ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузи ошишига замин яратади.

Норгул Абдураимова суҳбатлашди, ЎзА