ЎзА Ўзбек

30.08.2016 19:03 Чоп этиш версияси

«Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, жамоат арбоблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қ.Бердиев ва бошқалар мустақиллик туфайли тарихан қисқа вақт ичида минтақадаги фаровон давлатлардан бирига айланган мамлакатимиз дунёнинг жадал ривожланаётган давлатлари қаторидан ўрин эгаллаганини таъкидлади. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган тинчликпарвар сиёсат мамлакатимиз равнақи ва халқимизнинг тинч ҳамда осуда ҳаётини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, қўшинлар сафарбарлиги ва тезкорлигини ошириш, қўмондонлик таркиби ва сержантлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбирда бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга «Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишонлари топширилди.

– Эсдалик нишонини қўлимга олганимда мамлакатимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан ютуқлари кўз ўнгимда намоён бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари Сарвар Мамаюсупов. – Бундай юксак унвон билан тақдирланганим ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётганим билан фахрланаман. Бундан буён ҳам Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш учун куч-ғайратимизни аямаймиз.

Муҳаммад Қаршибоев, ЎзА
5 493