Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2018 11:58 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол аёли” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида 12 хотин-қиз иштирок этди

Бугунги кунда вилоятда партия аъзоларининг 14 минг 593 нафари хотин-қизлардир. Улар вилоятда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этмоқда. Танлов улар орасидан энг фаолларини кашф этиш ва тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган танловда иштирокчилар ўзлари ишлаб чиққан ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, хусусан, ижтимоий йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, уларнинг самарадорлигини янада ошириш, хотин-қизлар муаммоларига ечим топиш бўйича ўз қарашлари тақдимотини ўтказди. Партия электорати манфаатларига дахлдор бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аудиторияга тушунтириш баробирида, уни партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштиришга оид таклифларини ҳам билдирди.

Қоракўл туманидаги 40-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гулзира Холбоева биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Мен тадбиркорликка қизиқаман, – дейди Г.Холбоева. – Яқинда қўй жунидан пайпоқ ишлаб чиқариш бўйича бизнес-лойиҳани тайёрладим. Танловда бу лойиҳа тақдимоти катта қизиқиш уйғотди. Қўй жунидан тўқилган паймоқ экологик тозалиги, чидамлилиги, қолаверса, аллергик касалликлар келтириб чиқармаслиги билан аҳамиятлидир. Хотин-қизлар учун 20 иш ўрни яратиш кўзда тутилган лойиҳамни амалга оширишда тижорат банкидан 200 миллион сўм кредит олмоқчиман.

Ромитан туманидаги экология ва ўрмон хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Нигора Рамазонова ҳамда Ғиждувон тумани «Баркамол авлод» болалар ижодиёти маркази раҳбари Шаҳло Маъмурова иккинчи, Бухоро тиббиёт коллежи ўқитувчиси Шалола Умрзоқова учинчи ўринни эгаллади.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
10 947