ЎзА Ўзбек

11.10.2018 16:42 Чоп этиш версияси

​Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт

​Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент фармацевтика институтида “Одам савдоси экстремизм ва терроризм: инсон ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда одам савдоси, тeрроризм ва экстремизм сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига таҳдид соладиган энг хавфли ижтимоий иллатлардан бири эканлиги тўғрисида сўз борди. Ушбу жиноят жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказиши, одамларга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Давра суҳбатида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоев сўзга чиқиб, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлади. 

Бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик ва нотинчликни бошидан ўтказмоқда. Экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид солиб келмоқда. Албатта, бу жараёнлар барчамизни огоҳликка чақиради. Зеро, тинчлик бўлмаган жойда тараққиёт бўлмайди.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йилнинг 17 апрелдаги "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни миллий қонунчилик асосларини яратиб берди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳам навқирон авлодни ёт ғоялардан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни ошириш, юртимизнинг тинчлик-осойишталигини янада мустаҳкамлаш йўлида, диний экстремизга қарши курашиш мақсадида “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Буюк ва муқаддассан ҳур Ўзбекистон!”, “Ўзбекистон инсон қадри улуғланган юрт” каби қатор лойиҳалар доирасида аҳоли ва ёшлар ўртасида, жамоат ташкилотларида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. 

Мазкур учрашувларда Ўзбекистоннинг одам савдоси, экстремизм ва терроризмга қарши халқаро майдонда олиб бораётган сиёсати минтақа ва умумбашарий даражада тинчлик-барқарорликни сақлаш мамлакат суверенитети ривожланишининг бардавомлиги ҳамда халқнинг эркин ва фаравон ҳаётини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари омма орасига кенг тарғиб қилинмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА​
3 037