ЎзА Ўзбек

13.06.2019 10:02 Чоп этиш версияси

"Ўзбекистон ҳаво йўллари”​дан кореялик фуқаронинг ҳақини ундириш осон бўлмади

"Ўзбекистон ҳаво йўллари”​дан кореялик фуқаронинг ҳақини ундириш осон бўлмади


Минаҳ Ким хоним 2018 йил 6 ноябрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси амалга оширадиган ICN (Incheon) – TAS (Tashkent) – TLV (Tel Aviv) авиақатнови бўйича Испаниянинг чипталарга буюртма берувчи "Travelgenio" агентлиги орқали бир томонга иккита авиачиптани жами 1 203 177 Корея вонга сотиб олган.

Чипталарга буюртма бериш агентлигидан декабрдаги рейслар ўзгариши ҳақида маълумот олган Ким хоним “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясидан рейслари жадвалини юборишни сўрган. Бироқ авиакомпания вакили тилга олинган рейслар бўйича жадвалда ўзгариш йўқлигини айтади.

Рўйхатдан ўтиш вақтида Ким хонимга айни авиарейс бошқа муқобил рейс таклиф этмай, бекор қилинганини айтишган. Шу тариқа у охирги манзилга етиб бориш учун бошқа авиачипта сотиб олишга мажбур бўлган.

Кейинчалик Ким хоним "Travelgenio" агентлигидан ҳам, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясидан ҳам ноилож тарзда ишлатилмай қолган бронь пулини қайтаришни илтимос қилади. Шундан сўнг чиптани бронь қилиб берган агентлик 2019 йил 29 январида ​608 448 вонни (битта бронь учун) қайтаради. 

Аммо унга иккинчи бронь учун ҳамон пули қайтарилмаётганидан норози бўлган. Шу тариқа Корея истеъмолчилар агентлиги томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига Корея фуқароси Минаҳ Кимнинг аризаси келиб тушди. ​

Натижада Федерация томонидан кореялик истеъмолчининг 776 доллар маблағи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Сеулдаги ваколатхонаси орқали қоплаб берилишига эришилди.

​ЭСЛАТИБ ЎТАМИЗ, 2018 йилнинг 13 декабрида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Корея Республикаси истеъмолчилар агентлиги ўртасида икки мамлакат фуқароларининг истеъмолчи сифатида бузилган ҳуқуқларини тиклаш, тарнсчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида бўлган Корея Республикаси фуқаролари таклиф, шикоят ва ариза билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 “ишонч телефони”га ёки www.istemol.uz электрон манзилига мурожаат қилишлари, худди шу каби Корея Республикасида ишлаётган, таълим олаётган ёки бу мамлакатга сайёҳ сифатида борган юртдошларимиз истеъмолчи сифатида – у савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида бўлишидан қатъи назар, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда Корея истеъмолчилар агентлигининг 1372 “ишонч телефони”га ёки crossborder@kca.go.kr электрон манзилига мурожаат қилиш имконияти яратилди.​

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати​


ЎзА
5 641