ЎзА Ўзбек

26.01.2019 12:56:07 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон-2035” иккинчи халқаро форуми дунё бўйлаб 100 дан ортиқ экспертни Тошкентда жамлайди


5-6 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Буюк Келажак” ХННТ томонидан ташкил этилаётган “Ўзбекистон-2035” иккинчи халқаро форуми бўлиб ўтади.

Форум давомида “Буюк Келажак” кенгаши экспертлари 2035 йилгача Ўзбекистоннинг узоқ муддатли Ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳасининг муҳим иқтисодий ва сиёсий йўналишлари тақдимоти билан эксклюзив ҳисоботлар тақдим этади. Экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган узоқ муддатли Ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳаси бўйича таклифларни муҳокама қилишда депутатлар, давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.

Биринчи куни форумнинг асосий тадбири бўлган умумий ялпи сессияси ўтказилиб, унда Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган Ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳасининг асосий йўналишлари тақдим этилади. Бундан сўнг, форум иштирокчилари стратегиянинг асосий йўналишларини батафсил муҳокама қилиш учун “Давлат бошқарувини ривожлантириш”, “Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати”, “Банк тизими ва Комплаэнс“, “Саноат”, “Транспорт, қурилиш ва инфратузилма, туризм”, “Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат”, “Инсон капитали ва маданияти”, “Экология, илм-фан, технология ва инновациялар” ишчи гуруҳларига бўлинади.

Иккинчи куни барча иштирокчиларнинг якуний йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилиб, унда форум якунлари сарҳисоб қилинади. Сўнг якуний материаллар жамланади ва қабул қилинган таклифлар билан тўлдирилади.

Материалларни ўзгартириш ва тўлдиришдан сўнг аҳолининг кенг қатламлари, эксперт-таҳлил доиралари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ўртасида жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилади. Жамоатчилик муҳокамаларининг натижалари қайта кўриб чиқилади ва улар асосида Ҳукуматга тақдим этиш учун Ривожланиш стратегияси концепцияси ҳужжатларининг якуний версияси тайёрланади.