Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 16:00 Чоп этиш версияси

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси 2023 йилгача бир миллион кишининг бандлигини таъминлайди

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси 2023 йилгача бир миллион кишининг бандлигини таъминлайди
Айни вақтда уюшма касаначиликни икки йўналишда ривожлантириш чорасини кўрмоқда. 

-3.jpg

Биринчидан, аҳоли йилига уч марта пилла боқишга жалб этилмоқда. Йилдан-йилга пилла боқиш ҳажми ошиб, уни парвариши билан кўпроқ инсонлар шуғуллана бошлайди. Мисол учун, 2023 йилга бориб, йилига 500 минг қути ипак қурти боқилса, бунинг учун 500 мингта хонадон жалб этилади. 

Етиштирилган ҳосил йиғилгач, иккинчи босқич бошланади, яъни пилла корхонага топширилгач, қайта ишланган толадан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ҳунарманд касаначи оилалар жалб этилади. Шу тариқа, пилла ишлаб чиқариш қанчалик кенгайса, касаначилик ҳам юксалиб бораверади.

Демакки, кўпчилик оиладан, фарзандлар тарбиясидан узилмаган ҳолда, ишлаб пул топиш имконига эга бўлади. Улар иш қидириб, сарсон бўлмайди, балки қўлида ҳунари ва чўнтагида пули бўлади.

Айни вақтда эса уюшма пилла озуқа базасини кенгайтириш, оналик тутзорларни барпо этиш ва янги тут навлари яратиш борасидаги изланишларни қўллаб-қувватламоқда. Буни ҳудудларда ўтказилаётган илмий-амалий семинарлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Улардан бири – Марҳамат туманидаги «Ипак» фермер хўжалиги тут плантациясида ўтказилди.

-5.jpg

– Ҳар бир вилоятда 30 гектар майдонда оналик тутзор ташкил этиш мақсадида 22та фермер хўжалиги тузилди, – дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Асан Жарасбоев. – Мавжуд тутзорлардан бир минг беш юз килограммдан зиёд тут уруғи йиғиб олинган бўлиб, ҳозирда қарийб 50 гектарда уруғ қадалди. Яна 92 гектардан зиёд ер тайёрлаб қўйилган. 

Семинарда «Ипак» фермер хўжалиги раҳбари А.Мусурмонқулов яратган «Марҳамат» тут навининг афзалликлари, ўсиш жараёнлари ҳақида кўргазмали чиқишлар қилинди.

– Бу навнинг барглари йирик бўлиб, у мева бермайди, – дейди А.Мусурмонқулов. – Ҳозирда бир гектар тутзордан олинган барг 8-10 қути ипак қуртини боқишга етаётган бўлса, янги нав кўмагида бир гектардан олинган ҳосил билан 30 қути ипак қурти парваришлай оламиз. Тезроқ ҳосил олиш мақсадида уни эски дарахтларга пайвандтаг қилиш усули билан кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Семинарда иштирок этган тутчилик фермер хўжаликлари, вилоят ва туман «Агропилла» ва пиллани қайта ишлаш корхонаси раҳбарлари ўзлари учун қизиқарли бўлган кўплаб маълумотларга эга бўлишди.

ЎзА
3 682