ЎзА Ўзбек

09.07.2018 12:48 Чоп этиш версияси

“Ўзбекгидроэнерго” мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланяптими?

“Ўзбекгидроэнерго” мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланяптими?

Мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги бежиз эмас. Ваҳоланки, ҳозирда мавжуд салоҳиятнинг 23-24 фоизидан фойдаланилмоқда, холос.

Мавжуд гидроэлектр станцияларда йилига 7 миллиард кВт соат атрофида электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда ва бу юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 13 фоизини ташкил этади.

Бу борадаги кўрсаткичларни юксалтириш мақсадида яқин уч йилда 12 та йирик ва ўрта кичик ГЭСларни қуриш эвазига гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергиясини 16 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекгидроэнерго” жамияти таркибидаги 36 та ГЭСнинг йигирмага яқинида ускуналар жисмонан эскирган бўлиб, уларни босқичма-босқич янгиларига алмаштириш, станцияларни модернизация ва реконструкция қилиш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Бунинг учун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти жорий йилда умумий лойиҳа қиймати 354,8 миллион доллар бўлган 11 та йирик инвестицион лойиҳани ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чорасини кўрмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ана шу вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда 2018 йил инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ҳамкор идоралар ҳамда банклар билан ўзаро ҳамкорлик йўналишларини самарали ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.


ЎзА
5 896