ЎзА Ўзбек

26.04.2018 11:59:31 Чоп этиш версияси

Ўзбек киносининг машҳур намояндаси Шуҳрат Аббосов 87 ёшда ҳаётдан кўз юмди

1931 йил 16 январда Қўқонда таваллуд топган Ш. Аббосов 1949 йилда Тошкент тиббиёт техникумини тамомлаган. 1954 йилда А.Н.Островский номли Тошкент Театр ва рассомчилик санъати институти, 1958 йилда эса "Мосфильм" студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсларида таҳсил олди.

Аббосов аввалига Янгийўл драма театрида бош режиссёр, 1959 йилдан бошлаб "Ўзбекфильм" киностудияси режиссёри бўлиб ишлаган. Ўзбек киносида ўзгача янгилик қилган, ўз йўналиши бўйича алоҳида ўрин эгаллаган Шуҳрат Аббосов суратга олган "Маҳаллада дув-дув гап", "Сен етим эмассан", "Тошкент-нон шаҳри" , "Оловли йўллар", "Катта урушдаги кичик одам", «Муҳаббат можароси», «Абу Райҳон Беруний», "Отамдан қолган далалар" каби фильмлари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган. 

Шуҳрат Аббосов кино санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. Шунингдек, бир қатор кино фестиваллар совриндори бўлган. Мисол учун, Олма-отада «Энг яхши тасвирий ечим» йўналиши совриндори, Кишинев шаҳрида бўлиб ўтган КФ бош соврини ҳамда Теҳрон ХКФнинг «Олтин дельфин» мукофоти совриндори.

Шуҳрат Аббосов 25 апрель куни оламдан ўтди.