ЎзА Ўзбек

16.03.2020 Чоп этиш версияси

“Ўзавтосаноат” аҳолидан салбий мулоҳаза ва шикоят тушмаслигига эришмоқчи

“Ўзавтосаноат” аҳолидан салбий мулоҳаза ва шикоят тушмаслигига эришмоқчи

“Ўзавтосаноат” дилерлик компаниялари вакиллари билан сотувлар стратегиясига бағишланган учрашув ўтказди. Учрашувда айрим дилерлар маҳсулотни харидорга етказишда сифатсиз хизмат кўрсатаётганлиги қайд этилган. Шунингдек, компания эндиликда қоидабузарликка йўл қўйган дилерлар билан шартнома бекор қилинишини огоҳлантирмоқда.

Сотув ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг асосий шохобчалари сифатида дилерлик марказлари истеъмолчи билан ўзаро муносабатларнинг ягона нуқтаси саналади.

Бугунги кунда барча дилерлар ҳам ўз вазифаларини виждонан бажармоқда, деб бўлмайди – сифатсиз хизмат тақдим этиш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса шубҳасиз, компания обрўига путур етказади, дейилади компания ахборотида. 
Кафолатли хизмат кўрсатишдан бўйин товловчи ёки дилернинг харидор олдидаги мажбуриятлари тўғрисида нотўғри ахборот берувчи дилерлар учраб туради.

Айнан шу сабабли расмий дилерлар томонидан мижозларга самарали ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш – “UzAuto Motors” компаниясининг устувор вазифаларидан бири.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда компания мижозларга хизмат кўрсатиш, сервис хизмати сифатини ошириш ва дилерлик тармоғи глобал дастурини амалга оширмоқда.

Асосий мақсад – аҳолини сифатли хизмат билан таъминлаш, шикоятлар ва салбий мулоҳазаларни камайтириш ҳамда бора-бора шикоят тушмаслигига эришиш.

Дилерлар учун мижозларга хизмат кўрсатишнинг халқаро талабларга мувофиқ келувчи ягона стандарти ишлаб чиқилади ва татбиқ этилади. Ушбу стандартлар нафақат мажбурий сотув олди ва ундан кейинги таомилларни, балки ходимлар хатти-ҳаракатининг умумий маданияти, савдо заллари безатилиши, мижозлар учун қулайликлар яратишни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, "UzAuto Motors" томонидан хизмат кўрсатиш стандартлари ва кафолат хизмат кўрсатилиши бўйича мажбуриятларни бузувчи дилерлар учун жарима қўллаш тизими ҳам ишлаб чиқилди.

Ушбу тизим қоидабузарлик турига қараб жарима қўллашни ва кўп бора (тўрттагача) қоидабузарлик рўй берган ҳолда дилерлик келишуви бутунлай бекор қилинишини кўзда тутади.

Дилерлар фаолиятидаги муҳим йўналиш компаниядаги корпоратив сотувлар ва сервис ривожланиши саналади. Бугунги кунда “UzAuto Motors” давлат тузилмалари, ҳар қандай мулкчилик шаклига эга, турли тармоқларга тегишли, турфа кўламдаги компаниялар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, автомобиллар сотилишида ва корпоратив мижозлар автопаркига сервис хизматини кўрсатишда махсус шартлар таклиф этади. 
Учрашувда қайд этилишича, автомобиль сотиб олишнинг махсус дастурлари доирасида дилерлар ҳар бир корпоратив мижозга индивидуал ёндашувни таъминлашлари лозим.

32 784
ЎзА