ЎзА Ўзбек

20.07.2018 09:40 Чоп этиш версияси

“Ўзатом” агентлигининг вазифаси нималардан иборат?

“Ўзатом” агентлигининг вазифаси нималардан иборат?
Янги ташкил этиладиган Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. 

Президентнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди.

Фармонга мувофиқ, Агентлик атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсати ва стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

“Ўзатом” агентлиги ҳузурида Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилди. Белгиланишича атом энергетикасини ривожлантиришнинг стратегик масалалари бўйича қарорлар қабул қилиш “Ўзатом” агентлигининг Илмий-техник ва эксперт кенгаши хулосалари асосида амалга оширилади. 

Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига:

  • атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетига қабул квоталарини;
  • талабаларнинг атом энергетикасининг аниқ мутахассисликлари юзасидан хорижий таълим муассасаларида таълим олиши ва стажировка ўташи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

ЎзА
5 100