«ЎЗАТОМ»: 100 нафар абитуриент тўлиқ давлат гранти асосида ўқиш имкониятига эга бўлади
Ҳужжатлар онлайн режимида қабул қилиш 15 июндан 2 июлга қадар давом этади.
«Москва муҳандислик-физика институти» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали 2020/2021 ўқув йили учун абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилишга тайёр, деб маълум қилди «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати.
Ҳужжатлар онлайн режимида қабул қилиш 15 июндан 2 июлга қадар давом этади. Бу йил ҳужжатлар бакалавриатнинг ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси, иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси йўналишлари бўйича қабул қилинади.
Абитуриентлар жорий йилнинг 15 июлигача бўлган вақтда математика, физика ва рус тили фанларидан имтиҳон топширади. Имтиҳон натижалари 15 июль куни эълон қилинади. Энг юқори балларни тўплаган 100 нафар абитуриент тўлиқ давлат гранти асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу филиал Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти қошида жойлашган бўлиб, унда илм-фан ва таълим интеграциясига алоҳида эътибор қаратилган. Энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган 11 ўқув лабораторияси талабаларга атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида чуқур билим олиш имкониятини беради.