ЎзА Ўзбек

12.11.2019 Чоп этиш версияси

“Ўзархив” ўтмишни келажакка элтаверади

“Ўзархив” ўтмишни келажакка элтаверади

Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил этилганининг 100 йиллигига 

Ахборотга эҳтиёж доимий ва муҳим. Унинг қиймати эса фақат янгилиги билан ўлчанмайди. У қанчалик қадимий бўлса, шунча қимматли ҳамдир.

Маълумки, давлат ва жамият учун аҳамиятли саналган бундай ахборотларни сақлаш ва келгуси авлодларга муносиб тарзда етказиш архив муассасалари зиммасида. Шу боис архив иши тизимини ҳар томонлама такомиллаштириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳозир юртимизда 8,4 миллион сақлов бирлигида миллий архив фонди ҳужжатлари мавжуд. “Ўзархив” агентлиги тизимида 3 та Ўзбекистон Миллий архиви, 14 та архив иши ҳудудий бошқармаси ва улар тизимида 100 та вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 109 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари бор.

Айни пайтда архив иши ва иш юритиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш, давлат архивлари моддий-техника базасини яхшилашга эҳтиёж катта бўлиб, архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишнинг замонавий механизмларини қўллаш ҳам заруратга айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив" агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур ҳужжатларда Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат бошқаруви ва назоратини такомиллаштириш, қоғоз, кино, фото ва фоно ҳужжатларини рақамлаштиришни янада жадаллаштириш мақсади кўзда тутилган. Шунингдек, уларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, “Ўзархив” агентлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган устувор вазифалар белгиланди.

Нималар ўзгаради?

Жумладан, “Ўзархив” агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги ташкил этилди. 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни янада ривожлантириш давлат дастури тасдиқланди. Унга кўра, архив иши ва иш юритишнинг норматив, услубий базасини такомиллаштириш, архив ҳужжатларини махфийликдан чиқариш ишларини фаоллаштириш орқали архив ахборотларидан фойдаланувчилар сонини кенгайтириш назарда тутилмоқда. 2020-2025 йилларда давлат архивлари учун 2 та янги бино ва 12 та архив сақловхонасини қуриш, 2023-2025 йилларда 7 та давлат архивлари биноларини реконструкция қилиш назарда тутилган.

Маблағ ва вақт йўқотилмайди

Юқорида номи қайд этилган икки ҳужжат архивлар фаолиятига бир қатор янгиликларни олиб киришда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Мисол учун, шу кунгача давлат архивларига ҳужжатлар фақат қоғоз шаклида қабул қилинган. Шу сабабли уларнинг электрон нусхасини яратиш учун давлат бюджетидан қўшимча маблағ талаб этиларди, вақт ҳам йўқотилар эди.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасида, масалан, Франция, Жанубий Кореяда ҳужжатнинг қоғоз нусхаси билан бирга электрон-суғурта нусхаси талаб этилади. Ана шу тажриба 2020 йил 1 январдан юртимизда ҳам амалга киради. Яъни, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мулкчилик шаклидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолиятида шаклланадиган бошқарув (иш юритиш)га оид, илмий-техникавий ва бошқа ҳужжатларнинг архив сақловига топширилиши ҳамда ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида уларнинг электрон ва Миллий архив фондининг давлатга тегишли қисми ҳужжатларининг суғурта нусхалари талаб этилади. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига ўз ваколати доирасида архив ҳужжатларини топшириш, сақлаш, улардан фойдаланиш, архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизматлар кўрсатишнинг белгиланган тартибини бузганлик ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи берилди.

Ҳужжатларнинг электрон нусхаси уларнинг сақлов кафолатини мустаҳкамлайди. Яна бир аҳамиятли томони, тадқиқотчилар, илмий изланувчилар ёки шунчаки қизиқувчиларга айнан электрон нусха тақдим этилади. Улар ҳужжатдан қайта-қайта фойдаланса ҳам унга ҳеч қандай зиён етмайди. Ҳужжатнинг қоғоз нусхаси эса ўз ҳолича сақланаверади.

Саволга ҳожат қолмади

Бизга тарихчи ва тадқиқотчилар нега айрим тарихий ҳужжатлар очиқ фойдаланишга қўйилмайди, деган савол билан кўп мурожаат этишар эди. Ҳақиқатдан ҳам, узоқ йиллар мобайнида аксарият тарихий ҳужжатлар махфийликдан чиқарилмаган. Энди эса юқоридаги саволга ўрин йўқ. Негаки, “Ўзархив” агентлигига 2020 йил 1 июнгача давлат архивларида сақланаётган тарихий давр (1917 йилгача) архив ҳужжатларини ўрнатилган тартибда махфийликдан чиқариш бўйича чоралар кўриш топширилди.

Айни вақтда архив тизимида 2500 га яқин махфий ҳужжат йиғма жилдлари бор. Улар махфийликдан чиқарилиши билан илмий-тадқиқот ишлари учун янги ва қимматли маълумотлар юзага чиқади, фойдаланувчилар сони ортади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, архив ҳужжатларидан республика бўйича фойдаланиш бепул. (мавзули сўровлар, ер, мол-мулк каби масалалардаги сўровлар бундан мустасно). Улардан нусха олишгина пулли хизмат асосида амалга оширилади.

Энди ҳаммаси тез ва осон бўлади

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида архивларни зарур асбоб-ускуналар, компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш бўйича бир қатор топшириқлар белгиланган. Хусусан, миллий архив фондининг давлатга тегишли қисмини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлар рўйхатини қисқартириш, архив иши жараёнларини тўлиқ қамраб олувчи ва интерактив қидирув имкониятлари мавжуд бўлган “Архив иши” ягона ахборот тизими яратиш қайд этилган. Бу қай жиҳати билан муҳим? Аввало, иш унумдорлиги ошади. Мисол учун, ҳужжатларнинг электрон нусхалари ягона базасини яратиш уларни тез ва осон топа олиш имконини беради. Тўғри, шу пайтгача ҳам архивда электрон база бўлган, лекин сиғим катта бўлгани учун ҳамма ҳужжатларни серверларга жойлаб бўлмас эди.

Яна бир эътиборли жиҳати, архив хизматлари босқичма-босқич Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилиши йўлга қўйилади. Буни амалга ошириш 2020 йил 1 июнгача бўлган муддатни қамраб олади.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2020 йил 1 мартгача республика шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари томонидан тузилган шахсий таркиб бўйича идоралараро архивлар Агентлик идоравий бўйсунувига ўтказилади ва улар негизида шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ташкил этилади.

Бу йил “Ўзархив” ташкил этилганининг юз йиллиги нишонланади. Бир асрлик вақт мобайнида архивларимиз Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирган, тарихий, илмий ва маданий аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар билан бойиди. Ишонамизки, тизим ривожига эътибор ўтмишга муҳрларган ҳар бир ҳужжатни келажакка муносиб тарзда етказишга хизмат қилади.

Ғулом ОДИНАЕВ,

“Ўзархив” агентлиги бўлими бошлиғи.


4 196
ЎзА