ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Ғўзани томчилатиб суғоришда сув 30-40, ўғит 25 фоиз тежалади

Ғўзани томчилатиб суғоришда сув 30-40, ўғит 25 фоиз тежалади

Жиззах вилоятида 2020 йилда пахтачилик тармоғидаги 4 минг 987 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган.

Пахтакор туманидаги Суннат Юсупов раҳбарлик қилаётган "Охунжон-S" фермер хўжалиги фермер хўжалиги жами 153 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб келаётир. Жорий йилда давлатга 69 гектар майдон ҳисобига 30 центнердан, жами 210 тонна дон сотди. Бундан ташқари хўжаликдаги 12 нафар доимий ишчининг ҳар бирига 3 тоннадан, 20 нафар мавсумий ишчига 250 килограмдан ғалла берилди.

photo_2020-08-05_18-46-46.jpg

Хўжаликда 75,3 гектар майдонга пахта экилган. Ўтган йили фермер янги лойиҳага қўл уриб, «Агробанк» кредити билан Туркиядан қиймати 443,6 миллион сўмлик "GREEN AGRO SANAYI VEDIS TICARET LTD. STT" томчилатиб суғориш ускунаси олиб келган эди. Айни пайтда хўжаликда 25 гектар майдондаги ғўза томчилатиб суғорилаётир.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ускуна сувни 30-40 фоиз, ўғитни 25 фоиз тежайди. Агротехник тадбирларнинг сони камаяди.

photo_2020-08-05_18-47-06.jpg

Томчилатиб суғориш бу – сувни аста-секин айнан ўсимлик илдизига етказиб бериш дегани. Бу суғориш усули сувнинг қуёш ва шамолда буғланиб кетишига ҳам йўл қўймай тупроқ намлигини бир маромда ушлаб туради.

– Анъанавий усулда суғорилганда пайкал ўртасида ўқариқлар қазилиши туфайли ғўза ниҳоллари нобуд бўлади, – дейди ушбу фермер хўжалиги сувчиси Охунжон Юсупов. – Резина ичаклар орқали томчилатиб суғорганда ўқариқларга ҳожат йўқ. Энг муҳими томчилатиб суғоришда сув исроф бўлмасдан, тўғри ниҳолнинг илдизига етиб боради. Натижада сув тақчил бўлган бу йилги қийин шароитда ҳам ғўзамиз яхши ривожланмоқда. Илгари 25 гектарни 3 ишчи 10 кун суғорган бўлса, энди якка ўзим бу ишни беш кунда уддалаяпман.

photo_2020-08-05_18-46-53.jpg

Сардоба сув омборида юз берган техноген фалокат туфайли сув тахчиллиги юзага келган ушбу ҳудудда бу усулнинг афзаллиги тобора сезилиб турибди. Жорий йилда тумандаги 16 та фермер хўжалигининг 491 гектар майдонида томчилатиб суғориш жорий этилган.

– Президентимизнинг 2019 йил 25 октябрдаги «Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида инновацион технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилаётир, – дейди «Ўзагроинспекция»нинг Пахтакор туман бўлими инспектори Нурилло Жўраев. – Шу мақсадда инспекциямиз ходимлари туман қишлоқ хўжалиги органлари билан ушбу усулни жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга фермерларга яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Бу замонавий суғориш усулининг сувни тежашдаги, исрофгарчиликнинг олдини олишдаги афзалликларни ушбу тизимга ўтган фермерларнинг тажрибаси яққол кўрсатиб турибди.

photo_2020-08-05_18-47-02.jpg

Бу фикрни ушбу усул қўлланилаётган майдонларда сувнинг ташламага чиқиб кетиши мутлоқа тугатилганида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда сув билан озуқа элементларининг ташқарига сизиб чиқиб кетиши натижасида исроф бўлиши ҳам камаймоқда.

Энг муҳими, даладан оқова сувнинг чиқмаслиги туфайли тупроқ эрозияси бартараф этилади. Янги усулнинг ушбу жиҳатлари нишаблиги катта ва текисланмаган майдонларда ҳам томчилатиб суғоришни қўллаш яхши самара беришини кўрсатади. Сувнинг тупроққа сингишининг чекланганлиги ер ости сувлари кўтарилиб кетишига йўл қўймайди.

photo_2020-08-05_18-46-58.jpg

Ҳисоб-китобларга кўра, бу технология сувни икки баробар тежаш билан бирга, пахта ҳосилдорлигини ҳар гектардан 40 — 45 центнергача етказиш, вилоят бўйича ўртача ҳосилдорликни 1,5 — 1,7 марта ошириш имконини беради.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган фермер хўжаликлари ушбу технология қўлланилган майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилиши юзасидан Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилгани ҳам уларга қўшимча имконият яратмоқда. Шунинг учун бу инновацион усулга ўтиш деҳқончиликдаги асосий вазифалардан бири сифатида амалга оширилмоқда. Ҳозиргача 156 та фермер хўжалигидаги 4 минг 357 гектар майдонда қурилиш монтаж ишлари якунланган.

4 827
Т.БEКНАЗАРОВ, Ж. ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА