ЎзА Ўзбек

12.07.2018 16:02 Чоп этиш версияси

Ғўза парваришида – муҳим палла

Ғўза парваришида – муҳим палла
Жиззах вилояти Арнасой тумани миришкорлари ғўзани суғориш, экинни барглари орқали озиқлантириш ишларини асосан тунда бажармоқда.
Экинга зарур препаратлар берилиб, ғўза ғовлашининг олди олинмоқда. 21 минг 400 тонна “оқ олтин” хирмони кўтаришни режалаштирган туман пахтакорлари 9 минг гектар майдондаги ғўзани уюшқоқлик билан парваришламоқда. 

Кечаси суғориш сув сарфини камайтиради, ғўзанинг сувга қонишини таъминлайди. Қолаверса, биологик стимуляторлар билан қўшимча озиқлантириш тадбирларининг тунда амалга оширилиши юқори ҳосилдорлик гаровидир.

– Механизатор ва сувчиларга кечки овқат ҳамда ярим тунда енгил тамадди ташкил этилиб, агротехник тадбирларнинг қуёш ботгандан сўнг бажарилишига эришаяпмиз, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ином Шакаров. – 40 та “ОВХ 600” техникаси ғўзани суспензия усулида озиқлантиришга йўналтирилган. Мавжуд техникаларни отрядларга бирлаштириб ишлатаяпмиз. Бу эса пахта майдонларини жадал қамраб олиш имконини бермоқда. Шунингдек, 1 минг 840 сувчи чироқ, махсус оёқ кийими ва кетмон билан таъминланди. 

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари бошчилигидаги секторлар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Худди шундай мазкур соҳалар вакиллари қишлоқ хўжалиги ходимларига ҳам камарбаста бўлишаётир.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, ички ишлар ходимлари секторларда жамоат тартибини сақлаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, агротехник тадбирлар бажарилишида ташкилотчи ва назоратчи вазифасини ўтамоқда.
– Кимёвий ўғит ва турли воситалар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, эҳтиёт қисмларнинг туну кун далага етказиб берилишида узилишларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда, – дейди Арнасой тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Акром Мисиров. – Сектор раҳбарлари томонидан илғор механизатор ва сувчилар рағбатлантирилмоқда. Тумандаги 16 сув истеъмолчилар уюшмасининг барчасида механизаторлар уйлари ташкил этилган. 

Туманда тунда ишлаётган техникаларга 4 ёнилғи ташиш машинаси бириктирилган. Яна шунча техник хизмат кўрсатиш бригадаси ҳамда иккита пайвандловчилар гуруҳи фаолият кўрсатмоқда.

Шу кунларда ғўза ҳолатидан келиб чиқиб иккинчи ва учинчи сув берилмоқда. Маҳаллий ўғитни шарбат усулида оқизиш ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ер тобга келиши билан пешма-пеш культивация қилинаётир. Касаллик ва зараркунандаларга қарши олтинкўз, трихограмма каби ҳашаротлар ҳамда феррамон тутқич, шарбатли қопқонлардан фойдаланган ҳолда курашилмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА
9 337