ЎзА Ўзбек

18.01.2019 16:49:02 Чоп этиш версияси

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти: лойиҳалар кетма-кет саноат корхоналарига айланмоқда


Кейинги йилларда давлатимиз томонидан қурилиш саноатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли мамлакатимиз ҳудудларида кўплаб қурилиш материалларини ишлаб чиқарадиган янги қувватлар фойдаланишга топширилди. Бундай янгилар аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимизнинг ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига янги ишлаб чиқариш корхоналари томонидан муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 12 январь куни Навоий вилояти Нурота туманидаги “Ғозғон” қишлоғида “Мармаробод” давлат унитар корхонаси фойдаланишга топширилди. У гранит блоклари, плиталари ва гранитдан турли буюмлар (йўл ва тротуар бордюрлари, йирик ҳажмдаги плиталар (сляблар), брусчаткалар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Айниқса, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда яқинда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар барча соҳалар каби қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон бошқа норуда хомашёлари билан бирга табиий пардозбоп тошларнинг улкан захираларига эга ҳудуд ҳисобланади. Хусусан, Навоий вилояти Нурота туманидаги “Ғозғон” табиий пардозбоп тошлари жаҳонга машҳурлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

“Ғозғон” номи билан дунёга донг таратган табиий пардозбоп тошларининг сифати ва рангини кўпчилик соҳа мутахассислари ва истеъмолчилар яхши билади. Тошларни қайта ишлаш бўйича мамлакатимиз минг йиллик тарихига эга. Ихтисослашган махсус йирик саноат корхоналарида тошларни қазиб олиш ва қайта ишлаш юртимизда 1960 йиллардан бошланган. Бугунги кунда бу соҳа ривож топиб, ўз янги қувватларини яратаётгани янада аҳамиятлидир.

Мазкур ишлар изчиллигини таъминлашда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 декабрдаги “Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб, мамлакатимизда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларини фойдаланишга беришнинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва иқтисодиётнинг норуда хомашё базасини ривожлантириш бўйича салмоқли ишларни амалга оширилишига кенг йўл очиб берди.

Ҳозир юртимиздаги соҳа корхоналари табиий тош қоплама буюмлар, мармар, гранит ва травертин блоклари, шағал, қум, чақиқ тош, харсангтошлар, шиша, сопол, фосфор, чинни буюмлари саноати учун хомашё – дала шпати ва доломит тошлари, пардозбоп майда тошлар ва мармар харсанглари, табиий тош нақшбоп (мозаика), полбоп ва халқ истеъмол моллари ишлаб чиқармоқда.

Республикамизнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғи сўнгги икки йилда жадал ривожланиб, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 120 турдаги маҳсулотлар тури 180 тага етказилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 152 та табиий пардозбоп тошлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан йилига 700 минг куб метр тош қазиб олинмоқда ҳамда 6650 минг квадрат метр табиий пардозбоп тошлар плиталари ишлаб чиқарилмоқда.

Юртимизда қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳажмининг кескин ошганлиги, табиий пардозбоп тошларга бўлган талабнинг ҳам кўпайишига олиб келди. Мавжуд талабни қондириш бўйича ҳозирги кунда янги қувватларни ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари ижроси юзасидан Нурота туманида пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган йирик давлат корхонасини ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилинди, – деди “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ишлаб чиқариш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ўринбосари Бахтиёр Бобоқулов – Фармойишга кўра, Навоий вилояти ҳокимлиги таъсисчилиги ва “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти кафолати остида “Мармар обод” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Ўтган даврда корхонага “Ғозғон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 6 гектар ер майдони ажратилиб, унинг атрофига девор тикланди, маъмурий ва ишлаб чиқариш, ёрдамчи бино ва иншоотлар қурилди. Хитойдан замонавий технологик ускуналар сотиб олиниб, ўрнатилди. Албатта, бундай янгиликлар халқимиз фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги яна бир эзгу амалдир.

Ҳукумат қарорига асосан корхонанинг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари параллел равишда олиб борилганлиги ва технологик ускуналар, пудрат ишлари тендер савдоларисиз амалга оширилганлиги, жами 9,7 миллиард сўмлик маблағлар ҳисобига қисқа муддатда йилига 24 минг метр квадрат плита ва 20 минг метр куб блок тошлар ишлаб чиқариш қувватига эга йирик саноат корхонасининг қурилиши якунланди.

Корхонанинг хомашё базаси Нурота ва Хатирчи туманларида жойлашган. Биргина “Қурасой” конидаги гранит захиралари 1000 минг метр кубни ташкил этади. “Қурасой” гранити нафақат республикамиз, балки хориж бозорида ҳам ўз харидорларига эга.

Корхонада ишлаб чиқариладиган гранит блоклари ва буюмларининг аксарият қисмини Марказий Осиё, мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа хорижий давлатларга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Корхонанинг келажакдаги хомашё захираларига бўлган талабини тўлиқ қондиришни таъминлаш учун “Мармар обод” давлат унитар корхонаси томонидан ваколатли давлат идораларидан Нурота туманидаги “Пашот-Ғозғон”, “Паргот-2” гранит участкаларини геологик жиҳатдан ўрганишга лицензиялар олинган.

– Эътиборли жиҳати, ушбу замонавий саноат ишлаб чиқариш корхонасининг қисқа муддатда фойдаланишга топширилиши нуроталик 26 нафар фуқарони муқим иш билан таъминлади, – деди “Мармаробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдурашид Собиров. – Шу билан бирга, янги қувват Нурота тумани, Навоий вилояти, балки мамлакатимиз бюджетига тушумлар миқдорига салмоқли ҳисса қўшади. Маҳсулот ва иш сифатида технологик қувватлар муҳим аҳамиятга эга. Бу корхонага техник асбоб-ускуналар Хитой давлатининг “Xiamen easternPegasus LTD“ компаниясидан сотиб олинганлиги ҳамда ишлаб чиқарувчи корхона мутахассислари ёрдами билан ўрнатилганлиги уларнинг сифатли ишлашида муҳим омилдир.

Айниқса, Навоий вилояти ҳокимлиги ва “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти ўртасида “Мармар обод” давлат унитар корхонасининг давлат улуши (мулки)ни ишончли бошқариш шартномаси тузилганлиги ҳамда бошқарув “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятига берилганлиги, корхонадаги қурилиш-монтаж жараёнларида соҳа мутахассисларининг бевосита иштирокини таъминлади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон яқин беш йиллик истиқболда янги қувватларни ишга тушириш ҳисобига гранит блоклари ва буюмлари импортини бир неча баробарга қисқартиришни режалаштирган. Жумладан, 2019 йилнинг май ойига қадар Навоий вилоятининг Нурота ҳамда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманларида гранит блокларини қазиб олиш, гранит плиталари ишлаб чиқариш ва гранитдан турли буюмлар ишлаб чиқариш бўйича иккита йирик корхоналар ишга туширилади. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун ташаббускорлар томонидан Италиянинг “Breton S.p.A.”, “Pellegrini S.p.A.”, “Marmomeccanica S.p.A.” ва “Pedrini S.p.A.”, шунингдек, Туркия ва Хитой Халқ Республикаси ишлаб чиқарувчи компанияларининг технологик ускуналаридан фойдаланилади. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 4 миллион доллардан зиёд маблағлар йўналтирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши, давлатимиз раҳбари томонидан жадаллик билан муваффақиятли амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг соҳадаги яна бир самарали натижаларидан бири дейиш мумкин. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ишга туширилган ушбу янги корхонада ишлаб чиқарилган пардозбоп қурилиш материали бўлган тош маҳсулотлари, биринчи навбатда Нурота тумани, Навоий вилояти ва республикамиз ҳамда қўшни давлатларда бунёд этиладиган замонавий ижтимоий соҳа объектлари, нотурар жойлар ҳамда аҳоли учун шинам ва қулай турар жойларнинг сифатли қурилишига, балки ҳудуднинг экспорт салоҳияти кенгайишига хизмат қилишига шубҳа йўқ.