ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

Ўқ ёмғирлари остида ўтган кунлар...

Ўқ ёмғирлари остида ўтган кунлар...
Ғалабанинг 75 йиллигига

Инсоният бошига беҳисоб офатлар олиб келган иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам бу йил 75 йил тўлади. Осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз тинч, осуда. Уйлар қурамиз, тўйлар қиламиз, фарзандларимизни ўқитамиз, тинч ухлаймиз, ҳаловатимизни ҳеч ким бузмайди.

Биз бугунги доруломон кунларга етишимизда кимларнингдир беҳисоб ҳиссаси, кимларнингдир беминнат хизмати борлигини, тинч ҳаётимиз учун ўз жони, ҳаётини бахшида этганини ҳеч қачон унутмаслигимиз даркор.

Менинг бобом Ҳақберди Каримов ана шундай инсонлардан бири эканидан фахрланаман. Бобом ҳақида ўйлаганимда одамлардан ёрдамини аямаган, уларга кўпроқ нафим тегсин, деб яшаган камтарин инсон кўз олдимда гавдаланади. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган одам ҳаёт мазмунини тийранроқ ҳис этар, кўнглида эзгу ниятларга рағбат сезарди.

Худди кечагидек ёдимда, Ўзбекистон Миллий университетига ўқишга кирганимни эшитиб, “Менинг қизим эл-юртга хизмат қиладиган, унинг корига ярайдиган инсон бўлади” деб ёш боладек қувонгандилар. Бугун шу кунларни эсласам беихтиёр кўзларимга ёш қалқийди. Орадан шунча йил (қарийб 20 йил) ўтиб одамийликни улуғлаб яшаган бобожонимни хотирлаб, соғинч ҳисси билан қўлимга қалам олишга аҳд қилдим.

Бобом Ҳақберди Каримов ҳамюртлари хотирасида ҳалол, ҳақгўй, қатъиятли, халқ манфаати йўлида ўзини аямайдиган фидойи инсон сифатида муҳрланиб қолган. Ҳали-ҳануз Нарпай туманига бирор-бир иш билан бориб қолсам “Сиз Ҳақберди Каримовнинг невараси бўласизми? Эҳе, у кишининг қилган яхшиликларини халқ ҳали ҳам гапиради ” деган тавсифларни эшитиб кўнглим кўтарилиб, ғурурланиб кетаман. Элнинг бу эътирофи у кишининг ҳаёти бесамар ўтмаганлигидан далолатдир.

7396dd36-7fb4-4f26-9a1b-ed683e21130c.jpgБобом Ҳақберди Каримов 1923 йилда Нарпай туманининг “Бойғозон” қишлоғида оддий меҳнаткаш оиласида туғилиб вояга етди. У киши туманимиз фахри бўлган марҳум Бектош Раҳимов, Суюн Тўхлиев каби тенгдошлари билан Мирбозор қўрғонидаги 17-умумтаълим мактабини битирди. Мактабни битириш арафасида иккинчи жаҳон уруши бошланди. Бобожоним ҳам тенгдошлари қатори ватан ҳимоясига отланади.

Орадан шунча йиллар ўтсада, ўша давр хотираларини эслаш азоб, лекин уни ўчириб ҳам бўлмайди. Бобом кабиларнинг бебаҳо ёшлиги чекига ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурч тушган экан. Мен урушнинг мудҳиш тасвирини бобом ҳикояларидан англаганман. У каби йигитларнинг энг гуллаган йигитлик даврини ўғирлаган, ёш келинчакларнинг эрта бева бўлиб қолиши, норасида гўдакларнинг етим бўлиб бўзлаб қолишини кўз олдингизга келтиринг. Оналарнинг илҳақ бўлиб йиллаб йўл пойлагани, оталарнинг пинҳона тўккан алам кўз ёшлари, фронтда жон олиб жон бераётган ўғлонлар тақдири, фарзандларининг соғ-саломат келиши учун борини аямаган, дуога қўл очиб турган ота-оналар сиймоси...

Мана сизга уруш тасвири. Ҳар гал ғалаба байрами келганда уруш давомида олган орден медаллари йилига бир марта кўксини безарди, турли учрашув ва тадбирларга чорлашарди. Хотиралар ҳам беихтиёр жунбушга келар, хаёллар ўша дамларга қайтар, биз набиралар эса ёшлик қизиқувчанлиги билан унинг кўксидаги орден медалларига қўл теккизиб, буни қандай олгансиз, айтиб беринг деб қистар эдик. Бобом бизларга узоқ термулиб, хўрсиниб қўярди. Энди билсам, ўша биргина хўрсиниш замирида урушнинг нақадар мудҳиш эканлиги, уни хотирлаш эса унданда азоб экани мужассам экан. Шундай бўлсада, биз невараларни ранжитгиси келмас, мудҳиш уруш ва унинг аянчли йиллари ҳақида сўзлаб берарди:

“– Мен урушга 18 ёшга тўлганимда кетганман, – дея ҳикоя қиларди бобожоним. – Дастлаб Шимолий Кавказ, кейинчалик Беларуссия фронтлари қўшини таркибида фашист босқинчиларига қарши курашдим. Ҳар бир кунимиз ўқ ёмғирлари остида ўтган. Ногаҳон узилган дайди ўқ ҳам инсоннинг умрига зомин бўлиши мумкинлигига гувоҳ бўлганман. Бир жангда бизнинг ротамиз ўта муҳим бўлган жойни эгаллаши лозим эди. Душман ҳам бўш келмасди. Бизнинг рота ботқоқлик томонга чекинди. Жанг бир ой давом этди ва шу бир ой давомида белимизгача сувга ботган ҳолда жанг қилишга тўғри келган. Пайтаваларни ечиб қуритишга ҳаттоки имкон бўлмаган. Дўстим Николай билан ярим тунда душман ДЗОТ(Деревоземляная огневая точка)ини яксон қилишга аҳд қилдик. Ярим тунгача рота командири билан бу ишнинг режасини тузиб чиқдик ва тонгга яқин душман ДЗОТИ томон эмаклаб кетдик.

0202.JPG

Ҳар биримизнинг қўлимизда бир шодадан гранаталар бор эди. Биз уни белгиланган нуқтага етгач улоқтирдик. Кучли портлаш натижасида душман ДЗОТи йўқ қилинди. Кўзимни очганимда ҳарбий госпиталда эдим. Душман ДЗОТи портлаган вақти тупроқ уюми мени босиб қолган, тупроқ уюми остидан фақат этигим кўриниб қолган. Қуролдош дўстларим мени тупроқ уюми остидан чиқариб олишган ва ҳарбий госпиталга олиб боришган. Ушбу жангдаги жасоратим учун “За освобождение Кавказа” медали билан тақдирланганман. Бу биргина воқеа. Урушнинг ҳар бир куни эса шу каби воқеалар гирдобида кечганлиги сизларга эртакдек туюлар балки. Кўз олдингда энг яқин қуролдош дўстларингдан айрилишни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Урушнинг номи ўчсин, болаларим. Шу тинчлик кунларнинг қадрига етиб, шукроналик ҳисси билан яшаш бахтига не етсин. Бизлар бу урушни кўрдик, сизлар эса ҳеч қачон бундай кунларни кўрманглар, азиз болаларим”.

Бу ҳикояларни айтиш бобожонимга нақадар оғир бўлганини ўша пайтларда биз сезмаган эканмиз. Улғайиб, оқу қорани таниганимиз сайин буни теранроқ англаб етаяпмиз...

Ғалаба кунини бобом Польшада кутиб олган. Уруш тугагач, у киши яна 4 йил ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) ихтиёридаги қўшинда Руминия, Ғарбий Украинада хизмат қилган. Лейтенант унвонига сазовор бўлган бобом кўп машаққатлар чеккан, бир марта контузия, икки бор оғир ярадор бўлган. Госпиталдан даволаниб чиқиб, яна жангга кирган. Унинг жасорати бир неча орден, медаллар ва яна бир қатор жанговар нишонлар билан тақдирланган.

1949 йил урушдан қайтгач, бироз вақт туман ёшлар ташкилотига раҳбарлик қилган. Кейин Тошкент шаҳрига, олий партия мактабига ўқишга юборилган. Ўқишни тамомлагач, туман партия қўмитасида масъул лавозимларда ишлаган. 1971 йилда туман халқ назорати қўмитаси бошлиғи этиб тайинланган. Ҳақберди бобом ушбу лавозимда ҳалол ва қатъият билан ишлаб халқ мулкини талон-тарож қилиниши, исроф этилиши, ўғирликка қарши аёвсиз курашади. Халқнинг ишончини қозонади.

Бобом ҳақида гап кетганда у кишини билганлар, бирга ишлаганлар: “Шундай лавозимларда узоқ йиллар ишлаган бўлса ҳам Ҳақберди ака бир умр оддий яшади. У киши на уй, на машина олди, на бошқа бир манфаат кўрди...” дейишарди. Аслида у кишининг элда обрў-эътибор қозонганининг боиси ҳам ана шу камтарлиги, сабр-қаноатлилиги, ҳалоллигида эди.

– Э, болаларим, мен ҳаромнинг кетидан қувганимда катта мол-дунё эгаси бўлишим мумкин эди. Лекин виждоним олдида, одамлар олдида нима деган одам бўлардим, – деб кўп бора ўз фарзандларига таъкидлаганларини эшитгандим.

Бобом Ҳақберди Каримов Жанғил момом билан қўша қариб 9 нафар фарзандни вояга етказиб ўқитди, уларни маърифатли, маънавиятли қилиб тарбиялади, элга қўшди. Бу жуфтликнинг дунёга келиб орттирган бойликлари шу фарзандлари, элда топган обрўлари бўлди. Фарзандлари ҳам ота-онасига муносиб тарзда яшаб меҳнат қилмоқда. Уларнинг ортидан бораётган 28 набиралари бугунги кунда халқнинг хизматига камарбаста бўлиб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. Ибратли умр деганлари шу бўлса керакда.

Бобом жуда маърифатли инсон бўлган. Ўз навбатида илмли инсонларни ҳурмат қиларди. Бугун у кишидан қарийб икки минга яқин турли мавзудаги сиёсий, бадиий китоблар бизга мерос бўлиб қолган. Бобом гапирганида ўқиган китобларидан иқтибослар келтирар ва сўзларида ўзига хос ҳикмат мужассам бўларди. Ҳаттоки, 80 ёшдан ошганларида ҳам мактаб даврларида ёд олган Муқимийнинг “Саёҳатнома”сини мукаммал тарзда ёддан айтиб берарди. Бу ёшда асарни ёддан билиш чуқур хотирага, теран фикрга эга кишиларга насиб этса керак. Бобом лоқайдликни, бепарволикни ёқтирмасди, дунёдаги бўлаётган сиёсий жараёнлардан хабардор бўлиш мақсадида ҳар йили турли номдаги газеталарга обуна бўларди. Юксак маънавият тушунчасини бобомдан ўрганганман.

Бобом нарпайликлар фахри, ифтихорига айланганди. У киши сазовор бўлган Меҳнат Қизил Байроқ ордени, “Биринчи даражали Ватан уруши” ордени, “Жасорат”, “Шавкатли меҳнати учун” медаллари, Ўзбекистон Олий Совети Президиумининг қатор фахрий ёрлиқлари, яна бир қанча нишонлар фидокорона ҳалол меҳнати муносиб тақдирланганлигидан далолатдир. Бундай инсонлар халқ хотирасидан асло ўчмайди. Шу ўринда шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари наздимда бобом каби инсонларга бағишланган бўлса ажаб эмас:

... Қирқ йиллик адоват унутилар секин,
Унутилар ҳатто юракдаги дарз,
Яхшиларнинг меҳри унутилмас лекин,
Унутилмас улар олдидаги қарз.

Дилдора КАРИМОВА,
Марказий кон бошқармаси
Ахборот хизмати муҳаррири

5 646
ЎзА