Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 09:03 Чоп этиш версияси

Қўй ўғриси қўлга олинди

Денов туманининг Ободон маҳалласида яшайдиган 26 ёшли Н.А. қўй ўғирлаб сотаётганда ашёвий далиллар билан тумшуғидан илинди.

Қумқўрғон туманидаги Янгиобод маҳалласида яшовчи Х.К. Қумқўрғон тумани ички ишлар идорасига саккиз бош қўйи тунда ўғирлаб кетилганини хабар беради. Шу куни тергов тезкор гуруҳи воқеа содир бўлган жой ва унинг атрофини ўрганганида, воқеа жойидан бир километрча узоқликдаги адирда “Жигули” автомашинасига тегишли излар, “КЕНТ-6” сигаретининг қолдиғи, спорт кийимининг аксиз маркаси қолгани аниқланади.

Йўқолган қўйларни топиш учун туман ички ишлар бўлими ходимлари гуруҳларга бўлиниб, зудлик билан Сурхондарё вилоятидаги барча мол бозорларда кузатув ишларини олиб борди. Сариосиё туманидаги Пайшанба мол бозорида қулоғига қўшимча пластина сирға тақилган икки бош қўй уларда шубҳа ўйғотди. Чунки, янги сирға тақилган қўйларнинг қулоқларида қотиб қолган қон доғлари бор эди. Қўйлар суриштирув ишлари олиб бориш учун Сариосиё тумани ички ишлар бўлимига олиб келингач, масала ойдинлашди.

Маълум бўлишича, Н.А. таниши Р.Х. га кечки пайт қўнғироқ қилиб, унинг “Жигули” русумли автомашинасида Қумқўрғон туманидаги қўйларини олиб келишни илтимос қилган. Тунги пайт Қумқўрғон туманига етиб келгач, Н.А. “ўлжаси” сақланаётган молхонадан бир километрча узоқликда автомашинани тўхтатган. Соат тунги 23 ларда Р.Х. “Жигули”си ёнида қолган. Н.А. фуқаро Х.К.нинг яшаш уйи молхонаси ёнига келиб, атрофни обдан кузатган. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, молхонадаги 20 бош қўйни ҳайдаб, машинагача олиб келган. 8 бош қўйни “Жигули”га юклаган. Енгил машинага сиғмаган 12 бошини адирда қолдириб, жуфтакни ростлаган. Айланма йўллар орқали Денов туманидаги Қорахон маҳалласига келиб, тунги соат иккилар атрофида олти бош қўйни уч миллион 700 минг сўмга Р.О.га сотиб юборган. Қолган икки бош қўйни кундуз куни тушгача Денов туманидаги Баҳористон маҳалласида яшовчи Ш.Х.га саккиз юз минг сўмга пуллаган.

Шундай қилиб, Қумқўрғонда йўқолган қўйлар Денов ва Сариосиё туманидан топилди. Н.А. эса янги йилни ички ишлар идорасида кутиб олди.

Айни пайтда Н.А.нинг бошқа жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан қўшимча тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
10 021