ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Ўқувчиларни халқаро тадқиқотларга тайёрлашга мўлжалланган Ахборотноманинг 1-сони чоп этилди

Ўқувчиларни халқаро тадқиқотларга тайёрлашга мўлжалланган Ахборотноманинг 1-сони чоп этилди

Президентимиз томонидан юртимизда ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга сифатли тайёргарлик кўриш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.

Жумладан, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига кириши кўзда тутилган.

Ушбу мақсадларга эришишда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг халқаро баҳолаш дастурлари ва улар доирасида ўқувчиларга бериладиган топшириқ турлари ҳамда мазкур топшириқларнинг намуналари ҳақида кенг маълумотга эга бўлиши муҳим ҳисобланади.

Таълим сифатини оширишга ҳисса қўшиш ва белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази томонидан ўқувчиларни халқаро тадқиқотларга тайёрлашга мўлжалланган Ахборотноманинг 1-сони чоп этилди.

Ахборотнома математик саводхонлик, табиий фанлар саводхонлиги, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлаш каби 4 та қисмдан иборат.

Мазкур Ахборотнома PISA дастури бўйича ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлардан саводхонлигини ҳамда креатив фикрлаш даражасини баҳолаш йўналишига оид маълумотлар ва топшириқлар асосида тайёрланган бўлиб, унда 2000–2015 йилларда ўтказилган тадқиқотларда фойдаланилган топшириқлардан намуналар, уларни ечиш бўйича тавсиялар ҳамда баҳолаш мезонлари келтирилган.

Ушбу Ахборотнома умумий ўрта таълим муассасаларининг аниқ, табиий ва филология фанлари ўқитувчилари, 7-11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳамда соҳа мутахассисларига мўлжалланган.

Ахборотнома тегишли таълим вазирликлари, ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари, ҳудудий халқ таълими бошқармалари ва халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича таянч мактаб жамоаларига Миллий марказ томонидан бепул етказиб берилади.

1 713
ЎзА