ЎзА Ўзбек

31.08.2018 13:37 Чоп этиш версияси

Ўқувчиларга байрам совғаси

Ўқувчиларга байрам совғаси
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Андижон вилоятида янгидан барпо этилган 5 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 4 та мактаб реконструкция қилинди, яна 11 таси капитал таъмирланди, 3 та мактабда спорт зали барпо этилди. Бунинг учун 57 миллиард 700 миллион сўмга яқин маблағ сарфланди.

Умуман, вилоятдаги 740 та умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит яратилди. Жумладан, жорий йилда Избоскан туманидаги “Чўртанлиқ“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 216 ўринли янги мактаб биноси қад ростлади. Умумий лойиҳа қиймати 3 миллиард 204 миллион сўм бўлган 2 қаватли мазкур таълим маскани “Билл-21” МЧЖ бунёдкорлари томонидан бунёд этилди.

– Замонавий қиёфада касб этган ва барча шароитлар яратилган ушбу таълим маскани қишлоқ ёшларига ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, – дейди мактаб директори Азамат Ҳасанов. – 14 ўқув хонаси, шунингдек, физика, кимё, ўқув-лаборатория, компьютер хоналари, ахборт-ресурс макази янги ўқув йилига шай ҳолга келтирилди. Аввал бу ҳудудда мактаб бўлмагани учун ўқувчилар қўшни қишлоқдаги мактабга қатнар эди. 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 773