ЎзА Ўзбек

14.09.2018 16:29 Чоп этиш версияси

Ўқувчи тестнинг жавобини топиши асосий натижа эмас...

Ўқувчи тестнинг жавобини топиши асосий натижа эмас...

Тестология бўйича мутахассис, халқаро тоифадаги тренер америкалик Марк Зелман Халқ таълими вазирлигининг Жаҳон банки билан имзолаган “Мактабгача ва умумий ўрта таълимни ривожлантириш” лойиҳасига асосан юртимизга таклиф этилди.

Мультимедиа умумтаьлим дастурларини ривожлантириш марказида мутахассис иштирокида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги мактаблардан келган фанлар ўқитувчилари учун “Ўқувчилар билимини халқаро баҳолаш талаблари асосида тестларни давлат таълими стандартларига мос равишда тузиш технологияси” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда тестнинг ўқувчилар билимини аниқлашдаги ўрни, тестларни қандай тузиш кераклиги ва жараёнда учрайдиган хатоликлар ҳақида маълумотлар берилди.

– Халқаро меъёрлар асосида давлат стандартларига мос равишда тест тузиш технологияси хусусида олган билимларимиз келгусида бизга жуда асқатади, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси таълим сифати мониторинги методисти Дилшода Норбоева. – Бу орқали ўқувчилар билимини халқаро меъёрлар ёрдамида аниқлаш мумкин. Семинарда айнан ўқувчиларнинг билимларини баҳолаш мониторингги билан шуғулланадиган тажрибали ўқитувчиларнинг иштирок этгани айни муддао бўлди. Биз тестлар тузишда асосан назарияга таянсак, жаҳонда эса аксинча, амалиётга асосланар экан...

Мутахассиснинг фикрича, тестлар ўқувчи психологиясига у ёки бу маънода жуда катта таъсир қилади. Яна бир фойдали маълумот: ўқувчи билимини тўрт босқичда яъни эслаш, мулоҳаза қилиш, бир нечта ечимларни топиш ва билимларни ҳаётга татбиқ этиш орқали аниқлаш мумкин экан.

– Биласизми, ўқувчи тестнинг жавобини топиши асосий натижа эмас, – дейди Марк Зелман. – Энг муҳими, йил давомида тўплаган билимларини ҳаётга татбиқ қила олишидир. Бунда уларга бериладиган тест ўқувчининг билим савиясига мос бўлиши ниҳоятда аҳамиятлидир. Бола тестни ечишга кўзи етсагина уни ишлашга ҳаракат қилиб кўради.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
5 395