ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўқувчи қизлар жанжали: Халқ таълими вазирлиги нима дейди?

Ўқувчи қизлар жанжали: Халқ таълими вазирлиги нима дейди?

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ қизларнинг жанжали тасвирга туширилган видео тарқатилди.

Халқ таълими вазирлиги мазкур видео билан боғлиқ тафсилотларни ўрганиб чиқди.

Маълум қилинишича, ушбу видео 2019 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида олинган. Видеодаги воқеалар дарс жараёнидан сўнг мактаб ҳудудидан ташқарида олинган.

Мазкур воқеа Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси томонидан ўз вақтида муҳокама этилган.

Комиссия қарорига кўра, жанжалда иштирок этган 11 нафар қизнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисмига кўра фарзанд тарбиясига бефарқликлари учун энг кам иш ҳақининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилган.

Шу билан бирга ўқувчи қизлар бир йил муддатга туман ИИО ФМБ профилактик ҳисобига қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

Бола асосий тарбияни ўз оиласида олади. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди учун масъул ҳисобланади. Шу боис ота-оналардан фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмасликларини сўраб қоламиз.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

14 692
ЎзА