ЎзА Ўзбек

17.10.2020 Чоп этиш версияси

Ўқувчи-қизлар учун муҳим лойиҳа

Ўқувчи-қизлар учун муҳим лойиҳа

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жорий йилнинг 12-16 октябрь кунлари “Қизларжон” ўқувчи-қизлар саммити ва “Ёш тенгдошлар” лойиҳаси доирасида “Соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда ўқувчи-қизларнинг иштироки” мавзусида семинар тренинглар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда БМТнинг аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида Нукус шаҳридаги Президент мактабида “Соғлом турмуш тарзи асослари”, “Шахсий гигиена”, “Замонавий инсон учун зарур кўникмалар”, “Репродуктив саломатлик ва ҳуқуқ”, “Компьютер ва мобил телефоннинг инсон саломатлигига таъсири”, “Коронавирус”, “Вақтни бошқариш” каби мавзуларда ўтказилган семинар-тренингларда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчи-қизлари, мактаб психологлари ва ёшлар етакчилари иштирок этди.

photo_2020-10-17_16-30-31.jpg

Тренинглар якунида ўқувчи-қизларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини оширишга қаратилган онлайн мулоқот ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев, Республика Бош прокурори ўринбосари С.Артикова, Олий Мажлис Сенатининг ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Д.Ташмухамедова, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Камолхон Иномходжаевлар ўқувчи ёшларни оилага ва ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатлик қоидаларига риоя қилишнинг аҳамияти, гендерни таъминлаш каби масалаларга тўхталишди.

photo_2020-10-17_16-30-33.jpg

Қайд этилганидек, мазкур тадбир қизлар ўртасида эрта туғриқ ҳолатлари, ўқувчи-ёшлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатларнинг олдин олишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни ўз саломатлигига эътиборли бўлишга ўргатишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Семинар-тренинг иштирокчиларига сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.

1 445
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА