ЎзА Ўзбек

25.08.2018 16:55 Чоп этиш версияси

Ўқув йилига тайёргарлик қандай кетмоқда?

Ўқув йилига тайёргарлик қандай кетмоқда?
Ёшлар ижод саройида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда айни савол доирасида маълумотлар берилди.

Халқ таълими вазири Ш.Шерматов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ундан кутилаётган натижалар, келгусида таълим тизимига татбиқ этиладиган лойиҳалар хусусида тўхталди.

Халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммолар таҳлил этилди. Ўқитувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш баробарида уларнинг ҳурматини ошириш, ўз ишига масъулият билан ёндашишига эришиш, билими, савияси, касбий малакасини мунтазам юксалтириб бориш хусусида сўз борди. Шунингдек, дарсни ташкил этиш жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигига эришиш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Соҳа такомиллашуви АКТлардан унумли фойдаланиш, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, энг муҳими, таълимга малакали кадрларни жалб этиш натижасида бўлади. Айни масала инобатга олиниб, пойтахтимиздаги битта мактаб ва битта туман халқ таълими бўлими бошлиғи лавозимига танлов эълон қилинди. Синов тарзида бошланган мазкур иш келгусида билимли, малакали кадрларни соҳага жалб этишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг жорий йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори педагогларни қўллаб-қувватлаш ва соҳа такомиллашувида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Қарорга кўра, жорий йил сентябрь ва 2019 йилнинг январидан ойлик маошлари оширилиши белгиланган. Шунингдек, эндиликда педагогларга имтиёзли ипотека кредитлари, автомобиль ва истеъмол кредитларини олиши, оила аъзолари эса тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имкониятлар берилади.

Жорий ўқув йилидан синов тарзида мамлакатимиздаги 150 умумтаълим мактабида мажбурий мактаб дастури доирасида ўқувчиларга шахматни ўргатиш кўзда тутилмоқда. Унинг натижаси бу лойиҳани бошқа умумтаълим мактабларида жорий этиш ёки этмасликни белгилайди.

“Ustoz ovozi” телеграм канали ва ustoz ovozi.uzedu.uz сайти фаолияти йўлга қўйилиши юзасидан маълумот берилди. Унда таълим соҳасидаги маълумотлар очиқ-ошкора, шаффоф тарзда қўйиб борилади. Бу жамоатчилик назоратини янада кучайтириш имкониятини беради.

Таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, белгиланган режалар юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Тадбир доирасида мактаб ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда ўқув қуроллари, дарсликлар, қўшимча адабиётлар харидорларга таклиф этилди. 

“Баркамол авлод” Республика болалар ижодиёт маркази ўқувчилари томонидан ҳунармандлик, техник буюмлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 15 августда “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Унга асосан, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг қарор билан тасдиқланган шакллардаги мактаб формасида келишлари ихтиёрий, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб эса мажбурийлиги белгиланган.

Тадбирда мазкур янги форманинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Б.Мелиқулова, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА
5 534