ЎзА Ўзбек

12.01.2019 13:44 Чоп этиш версияси

“Ҳуррият” мухлислари, қаердасиз?

“Ҳуррият” мухлислари, қаердасиз?

Янги йилнинг биринчи ойи яримлаб қолдики, аммо кўпчилигимиз учун қадрдон бўлиб қолган “Ҳуррият” газетаси негадир кўринмай турибди. Бу мухлисларни ташвишга сола бошлади. Бозор муносабатларига ўтиш даврида бундай узилишлар бўлиб туради. Негаки, буёғига энди кўрпамизга қараб оёқ узатамиз, даромад-буромадимизни ҳисоблаб юрамиз. Дунёнинг ҳамма жойида бор бу қоида.

“Ҳуррият” — истиқлолимиз меваси. Бу газетани нашр этиш тўғрисидаги ҳукумат қарорида уни мунтазам чиқариш, кейинчалик рус ва инглиз тилларида ҳам чоп этиш, мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларнинг холис кўзгусига айлантириш кўзда тутилган эди. Янги нашрнинг нишона сонига катта умид билан имзо чеккан муҳаррир сифатида бугунги ҳолатдан бошқаларга нисбатан кўпроқ ташвишга тушаётганимнинг сабаби шунда.

Ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт ичида “Ҳуррият” ўз олдига қўйилган мураккаб вазифани бажариш йўлида кўп ишлади, яхши натижаларга эришди, танқидий-таҳлилий мақолалари, журналистик суриштирувлари, топилма рукнлари билан мамлакатимизнинг ўқиладиган (шунчаки варақлаб қўйиладиган эмас), тахлам қилиб сақлаб қўйишга арзирли газеталаридан бирига айланди. Газетанинг кўпсонли мухлислари билан бирга, қалами ўткир, сўзи журъатли, нигоҳи зукко муаллифлари ҳам пайдо бўлди. Бугун миллий журналистикамиз, ижтимоий публицистика ва бошқа жанрларнинг кўзга кўринган вакиллари бўлмиш кўплаб фаол муаллифларнинг энг сара мақолалари, очерк ва эсселари айни шу газетада босилган.

Кейинга олти-етти ой ичида газета ўзининг журъатли йўлини янада мустаҳкамлади, ички ва ташқи қиёфасини ўзгартирди. Мавзуларининг қамрови кенгайди. Бундан ҳаммамиз хурсанд бўлиб турганимизда, 2019 йилги обунани ташкил этишдаги баъзи англашилмовчиликлар ишнинг белига тепди. Биргина “Ҳуррият”чиларга эмас, ҳаммамизга тегишли сабоқ бу! Негаки, газетхоннинг ҳам, журналхоннинг ҳам диди, талаби ошиб бормоқда.Эски андозалар, амал курсисини қимирлатиб қўйишидан чўчиб, ҳар жиҳатдан силлиқланган, тиш-тирноғи олинган, пати юлинган, ўқиса ҳам, ўқимаса ҳам бўлаверадиган мақолалар билан иш битмайди. Муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир чиқишида танқид ва таҳлилга, соғлом рақобатга, фикр-мушоҳадага, амалий таклифлар киритишга, ташаббускорликка, бир сўз билан айтганда, ижодий журъат ва ижтимоий фаолликка даъват бор. Ёзма матбуот фақат шу фазилатлари билангина яшаб қолади, қолганлари сафдан чиқади. Умрининг кўп ва хўб йилларини ортиқча эҳтиёткорлик билан ўтказаётган ҳамкасбларим буни, кеч бўлмай туриб, тушуниб олишларини хоҳлардим.

“Ҳуррият” — ҳаммамизга бирдай тегишли, бирдай қадрдон, миллий матбуотимиз рўйхатини номи билан ҳам, мазмуни билан ҳам безаб турган газета. Унинг тақдирига бефарқ қараб тура олмаймиз. Унга ёрдам қўлини чўзайлик. “Ҳуррият”ни ўқийлик, газетага бугунги кунимизнинг жаҳон эътиборига тушган ютуқлари ҳақида қизиқарли, ўқишли мақолалар ёзайлик. Шу маънода, энг аввало, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига, бошқа ижодий ташкилотларга, жамғармаларга, бевосита Иброҳим Ғафуров, Сайди Умиров, Хуршид Дўстмуҳаммад, Абдусаид Кўчимов, Ёқубжон Хўжамбердиев, Карим Баҳриев, Умид Бекмуҳаммад, Михли Сафаров, Ҳаким Сатторий, Бекқул Эгамқулов, Мурод Абдуллаев, Фармон Тошев, Олим Тошбоев, Исажон Султон, Раҳмон Қўчқор, Қўчқор Норқобил ва яна бошқа кўплаб пешқадам ҳамкасбларимга мурожаат қилмоқчиман:“Ҳуррият” атрофида бирлашайлик, ижодий жамоатни қўллаб-қувватлайлик. Обуначилар сафини кенгайтирайлик.

Бугун Ўзбекистон адолатли ижтимоий сиёсати, яхши қўшничилиги, бағрикенглиги, илм-фани, маданият ва санъати, спорти, тинч-тотув ҳаёти билан дунёга чиқмоқда. Бу рўйхатга эркин матбуот ҳам қўшилиши учун қаламларимизни қайрайлик, азиз ҳамкасблар.

Аҳмаджон Мелибоев,
“Жаҳон адабиёти”
журнали бош
муҳаррири

ЎзА
7 847