Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 17:50 Чоп этиш версияси

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: осойишталик йўлида ҳамкорлик» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси томонидан «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси: осойишталик йўлида ҳамкорлик» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди мутахассислари иштирок этди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири эканлигини таъкидлади. Ташкил этилаётган профилактик тадбирлар шундай мақсадларга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда ички ишлар органлари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Ўтган давр мобайнида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни хонадонларга кириб, оилалардаги маънавий-ижтимоий муҳит, таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини ўрганиш, оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида, жиноят содир этиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11 фоизга камайишига эришилди.

Шу пайтгача 5 миллиондан ортиқ хонадонда келишмовчиликлар, муаммолар ўрганилди ва бартараф этилди. Ўрганиш жараёнида 284 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарлик аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди. Профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда осойишталикни таъминлаш йўлида олиб борилган ишлар натижасида 1 минг 500 дан ортиқ маҳаллада жиноят содир этилишининг олди олинди. 3 минг 400 дан зиёд хонадон, савдо дўконлари қўриқлаш пультларига уланди. 849 қидирувдаги шахс қўлга олинди ва жазо муқаррарлиги таъминланди.

Анжуманда таъкидланишича, ёшларнинг қаровсиз, назоратсиз қолмаслиги, бу борада ота-оналар масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир маҳалла профилактика инспектори кунлик хизмат фаолиятини маҳалла раислари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини ўрганишдан бошламоқда. Ўқувчиларнинг сабабсиз дарс машғулотларига келмаслик ёки мунтазам равишда қатнашмаслик ҳолатлари қатъий назоратга олинган.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
7 583






Все о погоде - Pogoda.uz