ЎзА Ўзбек

30.07.2018 11:29 Чоп этиш версияси

...туризм масканлари ҳужум остида(ми?)

...туризм масканлари ҳужум остида(ми?)
2015 йил 26 июнь куни уч соат давомида учта мамлакатда бирин-кетин террор ҳодисалари юз берди. Ҳар учта террор ҳодисаси оқибатида 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. 

Аввалига бир террорчининг Лион яқинидаги Сен-Кантен-Фаллавье шаҳрида ўз машинасини Air Products корхонаси дарвозасига бориб ургани ва ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар тарқатилди. Газ баллонларининг портлаши оқибатида бир кишининг ҳалок бўлгани, икки кишининг жароҳат олгани ҳақида маълум қилинди. Орадан кўп ўтмай Интернет саҳифаларида номаълум шахслар Туниснинг Сус шаҳрида сайёҳлар истиқомат қиладиган меҳмонхонага ҳужум қилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди. Бу ерда 39 киши ҳалок бўлди. 40 дан ортиқ киши жароҳат олди. Қувайтда эса шиалар мачитида жума намози ўқилаётган бир вақтда портлаш юз берди. Ҳодиса Ал-Қувайтдаги Эс-Савабер туманида юз берди. Ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи портлаш уюштирди. Бу ерда 30 га яқин киши вафот этди. 

Яқин Шарқда фаолият юритадиган, ўзини “Ислом Давлати” деб атовчи гуруҳнинг ғояларини тушуниб етмаган ёшлар қўлига қурол олиб, ислом “ақидалари”ни ёйишга “интилмоқда”. Яқин Шарқда тажриба орттирган хорижий ёлланма жангариларнинг ватанларига қайтиб борганидан сўнг янада баттар ваҳшийлашишига шак-шубҳа йўқ. Кўзни каттароқ очадиган вақт келмадими? 

Нигериянинг Майдугури шаҳридаги масжидда ўзини ўлимга маҳкум қилган жангари уюштирган портлашни нима билан оқлаш мумкин? Саудия Арабистонидаги Аль-Кудейх қишлоғидаги масжидда юз берган портлашни-чи? Подшоҳликнинг Дамам шаҳридаги масжидда портлаш уюштирган жангарилар ўз ҳаракатларини қандай оқлашар экан? Бу портлашларда мусулмонлар ҳалок бўлди, жароҳат олди. Ўзини “шариат билимдонлари” деб атовчи жангарилар муқаддас Қуръон Каримда ҳам, Ҳадиси Шарифда ҳам ибодатхоналарга ҳужум қилиш йўқлигини билишармикан?! Динимизда ҳар бир мўмин-мусулмон – у хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлсин билим олиши шарт дейилади. Бу борада Қуръони Каримдаги “Иқра” (“Ўқи”) деган оятини, пайғамбаримизнинг “Хитойда бўлса ҳам илм изла” деган ҳадисларини эслашнинг ўзи кифоя. Лекин жангарилар нима қилишяпти? Масжид ва ўқув даргоҳларида қўпорувчилик уюштирмоқда.

Бир неча йил муқаддам Кениянинг Гарисса шаҳридаги университет ётоқхонасида юз берган террор ҳодисасини бир эслаб кўрайлик. “Ал Қоида” террор тармоғи билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келадиган “Аш Шабаб” гуруҳи (тўлиқ номи — “Ҳаракат аш-Шабаб аль-Муджахидин”) яъни “Ёш мужоҳидларнинг ҳаракати” жангариларининг ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 147 талабанинг, жароҳат олган 79 кишининг айби нима эди?

Террорчиларнинг ўқув даргоҳларига ҳужумлари билан боғлиқ мисолларга мурожаат қилайлик. 2004 йилнинг 1 сентябрида Шимолий Осетиянинг Беслан шаҳрида жангарилар 1 минг 100 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчиларни гаровга олди. Ҳужум вақтида 335 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 186 нафари болалар, 17 нафари ўқитувчи эди. 800 дан ортиқ киши жароҳат олди. 2007 йилнинг 16 январида Боғдоднинг шимолий шарқида жойлашган “Аль-Мустансирия” университетида ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчилар миналаштирилган иккита машинани портлатиб юборди. Бунинг оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлиб, 169 киши жароҳат олди.

2013 йилнинг 6 июл куни “Боко харам” гуруҳи Нигериянинг Йобе штатидаги Мамуду мактаб-интернатининг ётоқхонасига ҳужум қилди. Ҳужум вақтида бу ерда 1 минг 200 киши бор эди. Бинога ўт қўйилди. 42 киши ҳалок бўлди. Айни шу гуруҳ ўша йилнинг 29 сентябрининг оқшомида Йобе штатидаги Гужба шаҳрида жойлашган қишлоқ хўжалик коллежи ётоқхонасига ҳужум қилди. Уйқуда бўлган 44 нафар талаба ўлдирилди. 2014 йилнинг 25 феврал куни “Боко харам” жангарилари Гужюбадаги Федерал ҳукумат коллежи ётоқхонасига ҳужум уюштирди. Отишма ва портлаш оқибатида 59 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Жангарилар томонидан Борно штатида ўғирлаб кетилган 300 дан ортиқ ўқувчи қизнинг тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.

2014 йилнинг 16 декабрида “Техрик-и-Талибан Покистан” ҳаракати Пешаварда ҳарбий хизматчиларнинг 500 га яқин фарзанди таълим оладиган мактабга ҳужум қилди. Натижада 145 киши, жумладан 9 ёшдан 14 ёшгача бўлган 132 ўқувчи ўлдирилди. 114 киши жароҳат олди. 

Айни дамда жангариларнинг тарихий обидаларни йўқ қилаётганини кўриб, умрбод йўқотилган бойликларга дилингиз оғринади. Ахир бу ёдгорликларга ҳеч ким сиғинаётгани йўқ эдику?! Ироқнинг маданий жиҳатдан энг бой, диний жиҳатдан ранг-баранг шаҳарларидан бири бўлмиш Масулни “Ислом давлати” деб атаган террор ташкилоти ўз пойтахти деб эълон қилганидан кейин у ердаги бебаҳо маданий мерос жиддий хавф остида қолди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юборди ва ўт қўйди. Улар жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Жангарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террочилар қадимий оссурияликларнинг Нимруд шаҳрини ер билан яксон қилишди. Террорчилар Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Эрамиздан аввалги 3 асрдан бери машҳур бўлган ва Парфия империяси таркибига кирган Хатра шаҳри ҳам ер юзидан супуриб ташланди. Унгача жангарилар Саргон Иккинчи саройи билан машҳур бўлмиш қадимий Дур-Шаррукин шаҳрини ер билан текислаб ташлаган эди.

Шу ўринда Афғонистоннинг Бомиён вилоятида тоғ бағрига эрамизнинг 3-7 асрларида ўйиб ишланган қадимий улкан Будда ҳайкаллари портловчи моддалар ёрдамида “Толиблар” томонидан вайрон этилганини эслатиб ўтиш керак. Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жангарилар Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги иккита бинода - қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида 12-13 асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Манускриптлар нафақат Мали, балки жаҳон мероси эди. Террорчилар шаҳарнинг маданий қадриятларини, жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари ҳамда мақбараларини таҳқирлашди, бузиб ташлашди. Террорчиларнинг кўр-кўрона хатти-ҳаракатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан маҳрум бўлмоқда.

Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ, номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан-да”, деган фикрга келиши аниқ. Вазиятга ойдинлик киритиш (яъни, террорчиларнинг исломга алоқаси йўқлигини исботлаш) мақсадида биринчи навбатда араб ва мусулмон мамлакатларининг журналистлари, уламолари, давлат раҳбарлари ғарбдаги ҳамкасбларига мурожаат билан чиқишлари, террорчиларни “исломчилар” деб атамасликларини талаб қилишлари керак.

Исломни бутун дунёга ёмон кўрсатиб, мусулмонларга туҳмат уюштираётганларга тарихнинг ойдин саҳифаларини эслатиб ўтиш вақти келмадимикан?!
Ибодатхоналарга нафақат мусулмон мамлакатларида балки бошқа давлатларда ҳам ҳужум уюштирилмоқда. Жанубий Каролина штатининг Чарлстондаги Африка методик черковида отишма юз берди. 21 ёшли оқ танли Дилан Руф (Dylann Roof) исмли шахс ирқий кўролмаслик туфайли 9 нафар афроамерикаликни отиб ташлади. АҚШ черковларида бу каби ҳодиса биринчи бор юз бераётгани йўқ. Нью-Йоркдаги черковлардан бирида дафн маросими ўтаётган бир вақтда отишма юз берди. Натижада икки киши ҳалок бўлиб, тўрт киши жароҳат олди. 2014 йилнинг 5 декабрида Флорида штатининг Брейдентон шаҳридаги черковда отишма юз берди. Бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Финикс шаҳридаги черковда юз берган отишма оқибатида руҳоний ҳалок бўлди. Яна бир киши жароҳат олди. Худди ўша куни Чикагодаги баптистлар черкови яқинда юз берган отишма оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, 18 киши жароҳат олди. 2013 йилнинг 16 июнида Огден шаҳридаги католик черковида отишма юз берди.
10 дан ортиқ сайёҳ ҳалок бўлган террор ҳодисалари ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда 1996 йилдан шу кунга қадар жаҳонда сайёҳларга қарши 10 та террор ҳодисаси қайд қилинган. Бу каби ҳодисалар асосан Миср, Тунис ва Индонезиянинг Бали оролида юз берган. Яна битта ҳодиса Покистон ҳудудидаги альпинистлар лагерида кузатилган. 

1996 йилнинг 18 апрелида жангарилар Қоҳирадаги “Европа” меҳмонхонасига ҳужум қилди. 17 нафар грециялик сайёҳ ва бир нафар мисрлик ўлдирилди. 15 киши жароҳат олди. Масъулиятни “Аль-Жамаа аль-Исламия” ташкилоти ўз зиммасига олди.

1997 йилнинг 17 ноябр куни Мисрнинг Луксор шаҳридаги Хатшепсут ибодатхонаси яқинида айни шу ташкилот террорчилари сайёҳлар гуруҳига ҳужум қилди, 62 киши ўлдирилди. Қурбонларнинг 58 нафари Швейцария, Япония, Франция, Германиядан келган сайёҳлар эди. 20дан ортиқ киши тан жароҳат олди.

2002 йилнинг 11 апрелида Туниснинг Жерба оролида ўзини ўлимга маҳкум қилган террорчи миналаштирилган машинасини Эл Гриба синагоги олдида портлатиб юборди. 21 киши, жумладан германиялик 14 нафар сайёҳ ва икки нафар Франция фуқароси ҳалок бўлди. Масъулиятни “Ал-Қоида” ўз зиммасига олди.

2002 йилнинг 12 октябрида Бали оролидаги тунги клубда ўзини ўлимга маҳкум этган террорчилар миналаштирилган автомобилни портлатиб юборишди. 202 киши, жумладан 164 нафар хорижлик сайёҳ ҳалок бўлди.

2004 йилнинг 7 октябрида Синай ярим оролида миналаштирилган бир нечта автомобил портлатиб юборилди. 35 киши ҳалок бўлиб, 171 киши жароҳат олди. Қурбонлар орасида Исроил, Италия, Россия ва АҚШдан келган сайёҳлар бор эди. Биринчи портлаш Таба шаҳарчасидаги “Hilton Taba” меҳмонхонасида, иккинчи ва учинчи портлашлар эса Рас-Султан ва Мухайамат-эт-Тарабин курортларида қайд қилинди. Тўртинчи портлаш Нувейба шаҳрида юз берди.

2005 йилнинг 23 июлида Шарм-эш-Шейхда юз берган учта портлаш натижасида турли маълумотга кўра, 64 ёки 88 киши ҳалок бўлди. 150 киши жароҳат олди. Қурбонлар орасида Буюк Британия, Голландия, Қатар, Қувайт ва Миср фуқаролари бор эди. Жароҳатланганлар ичида АҚШ, Россия ва Украина фуқаролари борлиги маълум қилинди. Биринчи портлаш Наама-Бей шаҳридаги бозорда, қолганлари эса Moevenpick ва Ghazala Gardens меҳмонхоналарида юз берди. 

2005 йилнинг 1 октябрида Бали оролида (Индонезия) юз берган портлаш натижасида 20 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 4 нафари Австралия, бир нафари Япониялик сайёҳ эди. 129 киши Индонезия, Австралия, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада ва Буюк Британия фуқаролари жароҳат олди. 

2006 йилнинг 24 апрелида Мисрнинг Дахаб шаҳридаги бозорда юз берган портлаш оқибатида 23 киши ҳалок бўлди. 80 киши жароҳат олди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида хорижликлар, жумладан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Дания, Германия, Италия, Жанубий Корея, Австралия, Ливан, Исроил, Франция, Швейцария фуқаролари бор эди.

2013 йил 23 июнида Покистоннинг Гилгит-Балтистон вилоятида бир гурух террорчилар денгиз сатҳидан 4 минг 200 метр баландликдаги Нанга-Парбат тоғида сайёҳ-альпинистлар лагерига ҳужум қилди. 11 киши ‒ Украина, Словакия, Литва, Хитой, АҚШ, Непал ва Покистон фуқаролари отиб ташланди. 

2015 йилнинг 18 март куни Тунис пойтахтида жангарилар Бардо миллий музейи биносини эгаллаб олди. Улар музей яқинидаги парламент биносига ҳужум қилмоқчи эди. Музей олдида террорчилар автобусдан тушган сайёҳларга қарата ўқ узишди. 100 га яқин сайёҳнинг кўпчилиги хавфсиз жойга олиб чиқилди. Террорчилар 40 кишини гаровга олди. Гаровдагиларни озод қилиш мақсадида ўтказилган амалиёт давомида икки террорчи йўқ қилинди. Бироқ 21 киши ҳалок бўлиб, 40 га яқин киши жароҳат олди. Ҳалок бўлганларнинг 17 нафари хорижлик сайёҳ - Россия, Австралия, Италия, Испания, Колумбия, Польша, Франция ва Япония фуқаролари эди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкин. Бундай мисолларни биз ‒ матбуот билгани, билмаганлари қанча. Ахир инсоният тирик мавжудотлар ичида идрокли, гўзал хулқли ва барчасидан устун яратилган. Юқорида келтирилган мулоҳазалардан не наф. Барчасига сабабчи инсон ич-этини емираётган нафс, ҳокимиятга, мансабга интилиш балоси эмасми?!

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
4 482