ЎзА Ўзбек

05.01.2018 18:46 Чоп этиш версияси

Қўштепада аҳвол ўзгардими?

Қўштепада аҳвол ўзгардими?
ЎзАда танқид қилингач

Сайтимизда 2017 йилнинг 23 август куни “Қўштепада тиббий хизмат нега оқсамоқда?” сарлавҳали танқидий мақола чоп этилган эди. Орадан анча вақт ўтди. Хўш, Фарғона вилояти Қўштепа туманида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, қишлоқ оилавий поликлиникаларидаги салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди? Биз мазкур туманда бўлиб, жараён билан яқиндан танишдик.

Туман ҳокими Б.Жумановнинг таъкидлашича, танқидий мақолада кўтарилган масалалар туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Ўтган йилнинг сентябрь ойида туман тиббиёт бирлашмасига Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бош врачи вазифасида ишлаётган Бахтиёр Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланди.

– Ҳақиқатан ҳам қишлоқ оилавий поликлиникаларимизда баъзи муаммолар йиғилиб қолган экан, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Абдураҳмонов. – Ўтган вақт ичида биз уларни бартараф этиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқдамиз. Хусусан, 88-қишлоқ оилавий поликлиникаси ички имкониятдан келиб чиқиб, жорий таъмирдан чиқарилди. Ҳудудни ободонлаштириш, тор доирадаги мутахассислар билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилди. “Гармдон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тез тиббий ёрдам станцияси филиали авария ҳолатида бўлганлиги учун ёпилди. “Ўзбекистон” қишлоқ врачлик пунктидаги шифокорлар уйи эса таъмирланиб, барча шароитлар яратилди.

7 s.jpg

Туманда илгариги ҚВПлар мақбуллаштирилиб, улар негизида замон талабларига мос 4 қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилган. Энди одамлар вақт ва маблағ сарфлаб туман ё вилоят марказига боришига ҳожат қолмади. Қишлоқнинг ўзида замонавий тиббиётнинг барча ютуқларидан баҳраманд бўлиш имконияти мавжуд. Шунингдек, ўтган даврда 5 шифокорлар уйи ташкил этилиб, уларда барча шароитлар яратилди.

87-қишлоқ оилавий поликлиникасида 11 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатилмоқда. Бу ерда тиббий кўрикларни юқори даражада ўтказиш учун барча шароит мавжуд. Саккиз нафар шифокор, ўттизга яқин ўрта тиббиёт ходими беморлар хизматида. Қон таҳлиллари, УТТ текшируви ҳам шу ернинг ўзида ўтказилмоқда. Патронаж ҳамширалари уйма-уй юриб, аҳоли саломатлигини назорат қилиш билан бирга, оилаларда тиббий маданиятни қарор топтириш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда.

2 s.jpg
Айни кунларда тиббиёт масканларида қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш ҳам доимий эътиборда. Бунинг учун улар етарли кўмир захираси билан таъминланган. Биз туман марказий шифохонасининг Лангар бўлимида бўлганимизда барча хоналар яхши иситилаётганлигини кўрдик. Албатта, муаммолар жойида ҳал этилса, аҳолининг ҳақли эътирозига ўрин қолмайди. Буни Қўштепа туман тиббиёт тизимида қисқа даврда амалга оширилган ишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
14 289