ЎзА Ўзбек

04.07.2018 13:12 Чоп этиш версияси

Қўшработга 169 нафар шифокор зарур

Қўшработга 169 нафар шифокор зарур
Қўшработ – Самарқанд вилоятининг олис туманларидан. 125 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда аҳолининг ўсиш динамикаси 2,2 фоизни ташкил этади. Бугунги кунда тумандаги даволаш-профилактика муассасаларида 131 шифокор, 851 ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатаётган бўлса-да, яна 169 нафар олий маълумотли шифокорга эҳтиёж бор.

Ҳар йили тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларини қўшработлик ўнлаб ёшлар битиради. Лекин, аксарияти қишлоғига қайтиб келмайди. Самарқанд, Тошкент ва бошқа шаҳарларда ишлашни афзал билади.

– Жорий йилда олий таълим муассасаларини битирган ёш мутахассислар йўлланма асосида ўзи туғилиб ўсган ҳудудига ишга юборилди, – дейди Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б.Эгамбердиев. – Бизнинг туманимизга ҳам 18 нафар йигит-қиз ишга келди. Институтни битириш арафасида учрашиб, туманда уларга барча шароитларни яратиб беришимизни билдирдик. Улар келганидан сўнг умумий амалиёт шифокори сифатида қишлоқ врачлик пункти, оилавий поликлиникага ишга жойлаштириб, турар жойга эҳтиёжи борларини уй билан таъминладик. Ҳар бирига велосипед бердик. Ҳозир ҳам юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатаётган қўшработлик врачлар туманимизга келиб ишлаш истагини билдирса, барча шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Шу мақсадда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз тиббиёт институтлари профессор-ўқитувчилари, тажрибали шифокорлар ҳамда туманимизда туғилиб ўсган ва айни пайтда бошқа жойларда меҳнат қилаётган ҳамкасбларимизни “Қўшработ чорлайди!” деб номланган тадбирга таклиф этдик.

Тадбир иштирокчиларига тумандаги тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

2011 йилда мукаммал таъмирланган туман марказий шифохонаси бугунги кунга келиб таъмирталаб бўлиб қолган эди. Яқинда муассаса 167 миллион сўм маблағ ҳисобига таъмирдан чиқарилди. Куз-қиш мавсуми олдидан иситиш тизими мукаммал таъмирланди. Жарроҳлик бўлими реконструкция қилиниб, 4 та алоҳида операция зали ташкил этилди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бўлимда бир нечта мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилди.

Ходимларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун 300 кишига кредит асосида “Uzmobile” телефон аппарати олиб берилди. Замонавий тез тиббий ёрдам машиналари харид қилингани ва мавжудлари мукаммал таъмирлангани тиббий хизмат самарадорлигини янада оширмоқда.

“Қўшработ чорлайди!” тадбирида туман тиббиёт бирлашмаси олдида турган вазифалар, мавжуд муаммолар қайд этилиб, интеллектуал салоҳиятли, юксак билим ва тажрибага эга ёш кадрларни тумандаги тиббиёт муассасаларига ишга таклиф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
6 375