Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.04.2018 15:15 Чоп этиш версияси

Қўшнисининг уйини тунади…

Қувасой шаҳрилик 27 ёшли С.Собиров вақтинча ишсиз. Ишсизлиги уни жиноят кўчасига киришига сабаб бўлди. Ҳали оила қурмаган, рўзғор юкини зиммасига олиб улгурмаган йигит қўшнисининг уйини тунади.

З.Холиқова “Қувасойцемент” акциядорлик жамиятида ишлайди. Ҳар куни соат 18:00 да ишга боради. Оила бошлиғи эса Россияда. Ўша куни қўшни аёлнинг корхонага қарашли автобусга чиқиб кетаётганлигини кўрган С.Собиров дарров хонадон соҳибининг ўғли Жаҳонгирга телефон қилади. Унинг ҳам уйда эмаслиги, тоғасиникига кетганлигини билгач, шум ниятини амалга оширди.

Уйнинг орқа томонидан девор орқали яширинча кириб, ётоқхонадаги диван остига беркитилган 600 минг сўм пулни олиб чиқиб кетади. Эртаси куни мазкур пулларнинг 480 минг сўмига “PRESTIGIO” русумли телефон аппаратини сотиб олиб, бўлажак турмуш ўртоғига совға қилади.

З.Холиқова ишдан сўнг уйига келгач, хонадонидаги тартибсизликни кўриб, кўнглига ваҳима ўралади. Пул маблағлари жойида йўқлигини билиб, зудлик билан Қувасой шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилди. Олиб борилган тергов олди текширув ҳаракатлари давомида қўшни йигит ўз айбини тан олиб, жиноятни бир ўзи содир этганлигига иқрор бўлди. Телефон аппарати ва 95 минг сўм пул далилий ашё сифатида олинди.

С.Собиров етказилган зарарни қоплаб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги билдирди. Судда енгиллик сўраб, кўрсатма берди. Очиқ сайёр суд мажлисида жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Нафс алдовига учиб, ўйланмай ташланган қадам ҳалокатга етаклайди. Маҳалласи, қўшниларининг ишончини суиистеъмол қилган кимсалар эса нафақат қонун олдида жавоб беради, балки дўсту биродарлари олдида ҳам уятда қолади.

М. Сулаймонов, ЎзА
6 030