ЎзА Ўзбек

25.04.2018 12:40 Чоп этиш версияси

Қўшнининг бўш турган томорқасини ижарага олди

Ҳосилдан келадиган даромад икки оилага ҳам етади

Мамлакатимизда аҳоли томорқасидан унумли фойдаланишга қаратилаётган алоҳида эътибор бозорларимизни йил давомида арзон, сифатли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Бироқ имконияти бўла туриб, томорқадан самарали фойдаланмайдиган, унга давлат томонидан бериб қўйилган ернинг умрини беҳуда ўтказаётганлар ҳам оз бўлса-да, учраб турибди.

Тошкент вилоятида бу муаммони бартараф этиш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши депутатлари томонидан “Томорқа – қўшимча даромад манбаи” йўл харитаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, барча маҳаллаларда томорқадан самарасиз фойдаланаётган ё умуман қаровсиз қолдираётган ер эгалари билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Вилоятда 462 минг 749 аҳоли хонадонига қарашли 31 минг гектардан ортиқ томорқа майдони мавжуд. Томорқадан унумли фойдаланиш эвазига рўзғор тебратиш билан бирга, бозорларимиз тўкинлигига ҳисса қўшаётган хонадонлар кўп.

Соҳа ходимлари Қуйи Чирчиқ туманидаги “Эгиз ота”, “Жумағул” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан суҳбатлар ўтказди. Томорқасини қаровсиз ташлаб қўйган фуқароларнинг оилавий шароити ўрганилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Рустам Бурҳонов 17 сотих томорқасидан ҳар йили унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Бу йил у 10 сотих ерда парваришлаётган картошка, сабзи ва 7 сотих ердаги саримсоқ пиёзни кўрган кишининг ҳаваси келади. Қўшниси Б.Алиев эса йил бошида хорижга ишлаш учун кетгани туфайли 10 сотих томорқаси қаровсиз қолиб кетаётган эди. Р.Бурҳонов қўшнисидан ерини ижарага олди.

– Қўшним ҳар йили хорижга ишлагани кетиб, оиласига у ёқдан пул жўнатади, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Бурҳонов. – Шунинг учун мана, бир неча йилдирки, томорқасидаги ер ҳайдалса ҳам, экин экилмай қолиб кетаверарди. Бу ҳолга беэътибор қараб туролмадим. Ўз томорқамда ишларни тугатгач, кўшнимнинг ерига ишлов беришга тушдим. Помидор, бодринг, булғор қалампири экдим. Етиштирган ҳосил пишса, албатта, қўшнимнинг оиласига ҳам бераман. Ахир ҳосил икки оила рўзғорига ҳам бемалол етади. Яхши меҳнат қилинса, томорқадан янада самаралироқ фойдаланиб, олинаётган ҳосил ва даромадни 2-3 мартагача ошириш мумкин. Агар ҳар бир оила ўз томорқасидан унумли фойдаланса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзини-ўзи бемалол таъминлайди. Бозордан сотиб олишга кетадиган маблағни бошқа эҳтиёжларига ишлатади.

Бўстонлиқ туманидаги ўрганишлар давомида “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Расулов ҳамда М.Ерматов баҳор фаслининг ярми ўтганига қарамай ерни ҳалигача шудгорламагани аниқланди. Чиноз туманидаги “Расулобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Э.Носиров 4 сотих томорқасида иссиқхона барпо этган бўлса-да, ҳеч нарса экмаган.

– Сўнгги пайтда оилавий шароитимда бироз муаммолар бўлгани учун иссиқхонамиз фаолиятига эътибор бермай қўйдим, – дейди Э.Носиров. – Мавсумни бекор ўтказиб қўяётганимдан ўзим ҳам афсусдаман. Лекин энди вақтни кечиктирмай ҳаракатни бошлайман. Бу борада вилоятдаги агрофирмалар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчиман. Ерни тайёрлаб, помидор, бодринг ва аччиқ қалампир кўчатлари экаман. Даромад эвазига фаолиятимни янада кенгайтираман.

Пухта режа, аниқ мақсад ва шунга монанд меҳнатсеварлик бўлса, ҳар қандай муаммо ва камчиликка барҳам бериш мумкин. Шундай экан, томорқадан олинадиган даромадни 2-2,5 баробар ошириш имкони мавжудлиги ҳар бир хонадон эгасига тушунтирилмоқда. Қолаверса, бу ҳар бир рўзғорнинг қўшимча даромади ошишига, оила шароити яхшиланиб, турмуш даражаси юксалишига ёрдам беради.

Вилоятда бу муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш учун соҳа ходимлари томонидан барча зарур вазифалар белгилаб олинди. Биринчи галда ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга экин учун бепул уруғлик олиб берилди. Фарзандлари узоқда бўлган кексаларга ҳашар йўли билан томорқа ишларига кўмаклашилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 798