ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Қўшни мамлакатларда қанча ўзбекистонлик талаба таҳсил олади?

Қўшни мамлакатларда қанча ўзбекистонлик талаба таҳсил олади?
Республикамиз ҳудудида хорижий таълим муассасаларининг таълим фаолиятини юритиш учун лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ҳамда хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олишни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вазифаларидан бири ҳисобланади.

Республикамизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган “Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақида Низом” асосида амалга оширилади.

2000 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврда дунёнинг 50 га яқин давлатларида таълим олиб келган жами 18 мингга яқин фуқаронинг ўрта махсус ва олий таълимга тегишли ҳужжатлари тан олинган ва тегишли гувоҳномалар расмийлаштириб берилган.

Республикамиз аҳолисининг олий таълим олишга бўлган иштиёқи ва эҳтиёжи юқори. Сўнгги йиллардаги мамлакатимизнинг очиқ ташқи сиёсати ва қўшни давлатлар билан яқин қўшничилик муносабатларининг ўрнатилганлиги сабабли қўшни мамлакатларнинг ОТМларида таълим олувчилар салмоғи ўсиб бормоқда.

Олий таълимнинг интернационаллашуви жараёнига Ўзбекистонни фаол иштирок этиши натижасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар мобиллиги жадаллашди. Айниқса, ўзбек ёшларининг хорижда ўқиш имкониятлари кенгайди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таҳлилларига кўра, сўнгги уч йилда хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш ва нострификация қилишга оид аризалар 5,3 марта ўсди. Хусусан, Давлат инспекциясида 2017 йил — 2409 та, 2018 йил — 4964 та, 2019 йил — 12867 та аризалар рўйхатга олинган.

2019 йил жами аризаларнинг 72,4% (9316 та) қўшни мамлакатлар (Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон)нинг таълим муассасалари ҳужжатлари ҳиссасига тўғри келмоқда Ушбу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 7 бараварга ошган.

Аризаларнинг аксарият қисми Республикамизнинг Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келиб тушмоқда.

Шунингдек, ёшларимиз орасида “Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар” соҳаси энг жозибадор соҳа ҳисобланмоқда: 2019 йилда жами хужжатларнинг 70,0% (6526 та ариза) айнан шу соҳага тўғри келади.

Ушбу аризаларнинг ижобий ҳал қилинганларининг (нострификация қилинганларининг) салмоғи ўртача 23,8% ни ташкил этмоқда. Жумладан, Қирғизистонда ўқиб олинган дипломлар бўйича 22,8%, Қозоғистон – 27,8%, Тожикистон – 22,9%.

Диплом эгаларининг тан олиш жараёнида мутахассисликлари бўйича белгиланган махсус синовлардан ўта олмасликлари (65%) ҳамда таълим шаклининг миллий қонунчиликка мос келмаслиги (35%) аризаларга салбий хулоса берилишининг асосий сабаблари бўлиб қолмоқда.

Шунга қарамай, қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома суммасининг арзонлиги, қабул тизимининг нисбатан соддалиги, аксарият ҳолларда кириш имтиҳонларининг мавжуд эмаслиги, хорижий ОТМлар томонидан ташвиқот ишларининг кенг йўлга қуйилганлиги ҳамда ёшларимизда хорижда сифатли таълим олиш имкониятлари тўғрисида ишончли маълумотларни олиш имкониятларининг чекланганлиги боис йилдан-йилга қўшни давлатларга ўқишга бораётган ватандошларимиз сони ошиб бормоқда.

Бугунги кунда ўрганишлар натижасига кўра тахминан Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда жами 55 000 нафарга яқин ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.

Қирғизистон мисолида таҳлиллар. Бу мамлакатда 64 та ОТМ ва уларнинг филиаллари фаолият юритаётган бўлиб, шундан 25 таси давлат ва 39 таси нодавлат ОТМлар ҳисобланади. Қирғизистонда 18 000 (кундузги — 42%, сиртқи – 58%) нафарга яқин ўзбек ёшлари таҳсил олмоқда ва ўзбек талабалари сони жиҳатидан Қирғиз-Ўзбек университети (тўлов-контракт суммаси 400-500 АҚШ долл.), Ўш давлат университети (тўлов-контракт суммаси 750-900 АҚШ долл.), Баткент давлат университети (тўлов-контракт суммаси 320-360 АҚШ долл.), Қирғиз давлаттиббиёт академияси (тўлов-контракт суммаси 1800-3300 АҚШ долл.), Қирғиз давлат университети (тўлов-контракт суммаси 570-700 АҚШ долл.) етакчилик қилмоқда.

Қирғизистондаги қуйидаги ОТМларда таълим сифати юқори эканлиги кузатилмоқда: Қирғизистон миллий университети, Ўш давлат университети, Қирғизистон давлат университети, Қирғизистон миллий аграр университети, Қирғизистон давлат техника университети, Қирғизистон давлат тиббиёт академияси, Қирғизистон миллий консерваторияси, Қирғизистон давлат жисмоний тарбия ва спорт академияси, Ўш технология университетлари. Буни мазкур ОТМларни тамомлаб келган талабгорлар томонидан ҳужжатларини тан олиш жараёнидаги кўрсаткичлардан ҳам кўриш мумкин.

Қирғизистондаги қуйидаги ОТМлар битирувчилари томонидан ҳужжатларини тан олиш учун топширган синов тести натижаларига кўра таълим сифати бирмунча паст эканлиги кузатилади:Марказий Осиё халқаро университети, Қирғиз-Ўзбек университети, Халқаро тиббиёт олий мактаби, Баткен давлат университетининг Қизил-Қия гуманитар-педагогика университети, Ўш гуманитар-педагогика институти, Жалолобод давлат университети, Ўш давлат юридик институти, Майлуу-Суу иқтисодиёт ва бошқарув институти.

Қозоғистон мисолида таҳлиллар. Бу мамлкатада 27 000 (кундузги — 30%, сиртқи – 70%) нафарга яқин ўзбек ёшлари таҳсил олмоқда ва ўзбек талабалари сони жиҳатидан М.Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университети (тўлов-контракт суммаси 400-800 АҚШ долл.), Халқлар Дўстлиги университети (тўлов-контракт суммаси 350-700 АҚШ долл.), Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университети (тўлов-контракт суммаси 1900-2500 АҚШ долл.) етакчилик қилмоқда. Таълим хизмати нархи бирмунча паст эканлиги сабабли, ўқишга кириш кўрсаткичлари бир неча маротабага ошган. Ишдан ажралмаган ҳолда сиртқи таълим олиш имкониятларининг кенглиги, республикамизда олий таълимга қамров даражасининг етарли даражада эмаслигини кўрсатиш мумкин.

Бугунги кунда Қозоғистонда 145 та ОТМ ва уларнинг филиаллари фаолият юритаётган бўлиб, шундан 10 та миллий университет, 35 та давлат ОТМлари, 15 та акционерлик ОТМлари, 13 та ҳарбийлашган ОТМлари ва 72 та хусусий ОТМлари ҳисобланади. 8 та ОТМ халқаро тан олинган ташкилотларнинг ОТМлар рейтингида биринчи 1000 таликка кирган: Қозоғистон миллий университети, Евроосиё миллий университети, Қозоғистон миллий техника университети, Қозоғистон миллий педагогика университети, Жанубий Қозоғистон давлат университети, Караганда давлат университети, Қозоғистон Британия техника университети, Қозоғистон халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университети. Ушбу ОТМларнинг аксариятида таълим сифати юқори эканлиги кузатилади. Аммо, ўрганишлар натижасида мазкур рейтингда мавжуд бўлган Жанубий Қозоғистон давлат университетида таълим сифати ва талабаларнинг давомати бўйича паст кўрсаткичлар кузатилмоқда. Яъни, мазкур таълим муассаси сифатли таълим бериш учун эмас, балки арзон тўлов-контракт нархлари орқали кўпроқ фуқароларни жалб этиш ва таълим бермасдан катта маблағларни ўзлаштиришни мақсад қи либ олган. Ушбу ОТМ халқаро 1000 таликка кириб, синовлардан озод қилинганлигига қамрамасдан тан олиш учун ҳужжат топширганларнинг 50,17 фоизи тан олинган. Қолган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ўқишнинг меъёрий муддатларидан кам ўқилганлиги ва қонунчиликда кўзда тутилмаган таълим шаклида бўлганлиги сабабли тан олиш рад этилган.

Қозоғистондаги қуйидаги ОТМлар битирувчилари томонидан ҳужжатларини тан олиш учун топширган синов тести натижаларига кўра таълим сифати бирмунча паст эканлиги кузатилади:Жанубий Қозоғистон давлат фармацевтика академияси, Қозоғистон муҳандислик-педагогика халқлар дўстлиги университети, Жамбул гуманитар-техника университети, Халқаро юридик институти, Шимкент университети, Сирдарья университети, Тараз давлат университети.

Тожикистон мисолида таҳлиллар. Бу мамлакатда 38 та ОТМ ва уларнинг филиаллари фаолият юритаётган бўлиб, шундан 2 та миллий университет, 23 та давлат ОТМлари, 4 та университет филиаллари, 4 та ҳарбийлашган олий таълим муассасалари ва 3 та хорижий давлатларнинг университетлари филиаллари ҳисобланади. Тожикистонда 10 000 (кундузги — 30%, сиртқи – 70%) нафарга яқин ўзбек ёшлари таҳсил олмоқда ва ўзбек талабалари сони жиҳатидан Тожикистон давлат педагогика университети (тўлов-контракт суммаси 700-1200 АҚШ долл.), Хўжанд давлат университети (тўлов-контракт суммаси 700-1200 АҚШ долл.), Тожикистон давлат тиббиёт университети (тўлов-контракт суммаси 1900-2500 АҚШ долл.) етакчилик қилмоқда.

Тожикистон ОТМларини тамомлаб, 2019 йилда ҳужжатини тан олиш учун мурожаат қилганларнинг асосий қисми Тожикистон давлат педагогика университети (57,60 %), Хўжанд давлат университети (19,01 %), Тожикистон давлат тиллар институти (4,78 %), Тожикистон давлат жисмоний тарбия институти (4,39 %), Тожикистон миллий университети (1,25 %), Тожикистон очиқ университети (2,60 %) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Тожикистондаги қуйидаги ОТМларда таълим сифати юқори эканлиги кузатилмоқда: Тожикистон миллий университети, Ички ишлар вазирлиги олий мактаби, Тожикистон давлат аграр университети, Тожикистон миллий консерваторияси, Тожикистон давлат тиббиёт университети, Тожикистон давлат техника университетида. Буни мазкур ОТМларни тамомлаб келган талабгорлар томонидан ҳужжатларини тан олиш жараёнидаги кўрсаткичлардан ҳам кўриш мумкин.

Тожикистондаги қуйидаги ОТМлар битирувчилари томонидан ҳужжатларини тан олиш учун топширган синов тести натижаларига кўра таълим сифати бирмунча паст эканлиги кузатилади:Тожикистон очиқ университети, Хўжанд давлат университети, Тожикистон давлат педагогика университети, Тожикистон тадбиркорлик ва сервис институти, Тожикистон солиқ ва ҳуқуқ институти, Тожикистон давлат тиллар институти, Қўрғонтепа давлат университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети.

Фуқароларга тавсия. Жаҳондаги таълим хизматларини кўрсатиш тенденциясидан маълумки сифатли таълим нархи арзон бўлмайди. Қўшни мамлакатлардаги аксарият олий таълим муассасалари томонидан таклиф этилаётган тўлов-контракт нархи сифатли таълим бериш имкониятини бермайди. Бундан ташқари мамлакатимиз меҳнат бозорида ҳам бугунги кунда дипломли мутахассис эмас, балки юқори билим ва амалий кўникмага эга кадрларга бўлган талаб ортиб бормоқда. Шу нуқтаи-назардан фуқароларимиз шуни тушуниб етиши керакки, бундан буёғига меҳнат бозоримизда сифатли кадрларга, яъни юқори билимли ва амалий кўникмага эга мутахассисларга эътибор кучайиб боради. Бу эса қўшни мамлакатларнинг ОТМлари томонидан паст нархларда таклиф этилаётган сифатсиз таълим орқали олинган ҳужжатлар меҳнат бозорида ўз ўрнини топа олмайди. Натижада, бундай сифатсиз таълим олган фуқароларимиз охир-оқибат ўз маблағлари ва вақтларини бесамар сарфлаганлигига олиб келади.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда масофавий таълим шакли Ўзбекистонда тан олинмайди. Бугун жуда кўп хорижий давлатлар бизда масофавий таълимни тарғиб қилмоқда. Кириш имтиҳонларисиз тўғридан-тўғри талаба бўлиш ва уйда ўтириб олий таълимни тугаллаш имконияти кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Бунга ишонганлар маълум миқдордаги пул маблағини тўлаб, консалтинг-компаниялари орқали 3-4 йил муддатда таълимни тугатдик деб юришади. Лекин кейин алданганини тушунишади. Аслида бу тарзда олинган таълимда ҳеч қандай сифат бўлмайди. Бундан ташқари, жуда кўп давлатлар 3 йиллик сиртқи таълимни таклиф қилмоқда. “Бир йилда 2 марта келиб-кетиб олий маълумот эгаси бўласан”, деган таклифларга учаётганлар кўп. Лекин бу хам алдов усулларидан бири. Биздаги тартиб бўйича олий маълумот олиш учун камида 4 йил ўқиш зарур.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Матбуот хизмати


9 762
ЎзА