ЎзА Ўзбек

12.01.2019 15:43 Чоп этиш версияси

Қўшма йиғилишда амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинди

Қўшма йиғилишда амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилиши ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, 2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича амалий чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида юртимизнинг ички ва ташқи сиёсатида энг муҳим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган. Мазкур Мурожаатнома асосида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилган. Йиғилишда мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Юқорида зикр этилган ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

– Ишлаб чиқилган ушбу дастур бўйича қизғин муҳокамалар, фикр-мулоҳазалар бўлиб ўтди, – деди «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Васила Файзиева. – Чунки бугунги кунда депутатларимиз, партия фаоллари аҳолининг қувончу ташвиши билан яшашга ҳаракат қилмоқда. Улар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида нима зарур эканини юракдан ҳис этмоқда. Шу сабабли, дастурга киритилаётган ҳар қандай таклиф ва қўшимчалар партиямиз вакилларининг амалиётда ўрганиб келаётган муаммолар ечими, десак тўғри бўлади. Шундай экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифалар ижросини сифатли ва самарали таъминлаш ҳар бир партия аъзосининг масъулиятли ва шарафли вазифасидир.

Йиғилишда амалий чора-тадбирлар дастуридан ўрин олган мақсад-вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Билдирилган таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, партия ва фракциянинг амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА​​
2 362