ЎзА Ўзбек

31.08.2018 17:50 Чоп этиш версияси

Қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини бошлади

Қўшма ишчи гуруҳ фаолиятини бошлади
Аввал хабар қилганимиздек, шу йилнинг 8 август куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Алишер Султонов ва АҚШнинг “Air Products” компанияси ижрочи директори, президенти ва директорлар кенгаши раиси Сейфи Гасеми ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилиб, томонлар қўшма ишчи гуруҳини тузиш ва икки ой муддатда нефть-газ, кимё ва металлургия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида аниқ таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинган эди.

Шу муносабат билан жорий йил 28-29 август кунлари “Air Products” компаниясининг Европа ва Африка минтақалари бўйича президенти Иво Болс раҳбарлигида АҚШ делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзаро келишувга мувофиқ, пойтахтимизда мазкур қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг ёқилғи-энергетика комплексига кирувчи корхоналар ва "Air Products" компанияси мутахассисларидан ташкил топган ушбу гуруҳ иши “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва “Air Products” компанияси ўртасида ҳамкорликни давом эттириш ва мустаҳкамлашга қаратилди.

Учрашувда таъкидланганидек, Сейфи Гасемининг ташрифи давомида мамлакатимиздаги ёқилғи-энергетика соҳасидаги корхоналар ва “Air Products” компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича иш режаси жадвали имзоланган эди.

Йиғилишда ушбу иш режаси жадвалида белгиланган тадбирларнинг бажаралиш ҳолати муҳокама этилди. Шунингдек, иштирокчилар “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг 2030 йилга қадар углеводородларни чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳалар, МТО лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳолати билан яқиндан танишди ҳамда уларни бажаришда кейинги аниқ қадамлар белгилаб олинди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 693