ЎзА Ўзбек

24.07.2018 16:16 Чоп этиш версияси

Қўшқишлоқнинг қалби дарё одамлари

Қўшқишлоқнинг қалби дарё одамлари
Эҳтиёжманд оилалар ҳамда ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга олинган. Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Қўшқишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Зарифа Жўраеванинг мазкур қарор доирасида олиб бораётган сайъ-ҳаракатлари эътиборга молик.

Қишлоқ ҳудудидаги 41-умумтаълим мактаби ҳовлиси байрамона безатилди. Саҳнадаги ўриндиқлардан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган оилалар вакиллари, ёлғиз кексалар ўрин олди. Куй-қўшиқлар янгради. Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган “Золотой Феникс” халқаро танловида биринчи ўринни эгаллаган Фирдавс Тоҳиржонов жўшиб куйламоқда. Иқтидорли бу ҳофиз мактабнинг аълочи ва жамоатчи ўқувчиларидан. Тадбиркор-ҳунармандлар ўзлари ясаган ва тиккан буюмлардан таркиб топган кўргазмаларини ташкил этишганки, ҳамма уларни ҳайрату ҳавас билан томоша қилаётир.

Зарифа Жўраева, Тоҳиржон Худайбердиев, Холида Муродова каби фаоллар меҳмонларни кутиб олиш, мезбонларга илтифот кўрсатиш билан банд.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқарова, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Авазхон Хўжахонов, “Нуроний” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Мақсуда Саидмуродова, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Санобар Абдураҳмонова ва бошқа қатор раҳбарлар ҳам ташриф буюрган.

Ирода Қўчқарова Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқни рози-ризо бўлиб, шукроналик келтирган ҳолда яшашини таъминлаш борасидаги эзгу ишлар, эришилаётган натижалар, галдаги истиқболли режалар ҳақида маҳаллий шароитга боғлаб аниқ мисоллар келтирган ҳолда гапириб берди. Айни пайтда бугун ҳомийлар томонидан қилинадиган туҳфалар ҳар бир кишининг эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда тайёрланганлигини қайд этди. Ҳомийлар, саховатпеша кишилар томонидан мурувват ёрдамлари кўрсатилди.

Қўшқишлоқ жомеъ масжиди томонидан 4 нафар газ плитасига муҳтож фуқаронинг эҳтиёжи қондирилди. Дўмса қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокори Соҳиба Каримова 3 нафар бемор учун зарур дори-дармонлар жамланмасини ҳадя этди. Элдор Маҳкамов, Рустам Дарвишев, Абдурасул Акбаров, Шавкат Қўзибоевларга раҳмат. Уларнинг кўмагидан 4 нафар эҳтиёжманд оила баҳраманд бўлди.

Ҳисоблаб кўрсак, 10 кишига газ плитаси, кир ювиш машинаси, қисқа тўлқинли электропеч, 6 кишига 500 минг сўмгача пул, 44 кишига турли маиший жиҳоз, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар инъом этилибди.

– Президентимизни кечаси-ю кундуз дуо қиламиз, – дейди 97 ёшли Бўрибой ота Узоқов. – Бундай саховатпешаликлар ташкилотчиси ҳам аслида мамлакатимиз раҳбари. Илоҳим Яратганнинг ўзи қўлласин!

Ойимтилла момо Турсунова бу йил тўқсонинчи баҳорини қарши олди. Момо учун энг ёдда қоларли кун бўлди бугун. Қишлоқдошларининг қувончини кўриб хурсандчилиги ичига сиғмай кетди. “Мусиқангни чал, мошшоқ болаларим!” дея энг шўх куй-қўшиқларга рақсга тушиб, даврага файз бағишлади. Ҳаммани рақсга чорлади.

– Ичимдагиларни айтмасам бўлмайди, – дейди 2-гуруҳ ногирони Комилжон Ниёзов. – Аввало биз, каби қишлоқ аҳли тақдири ҳақида қайғураётган муҳтарам Президентимизга минг раҳмат. Мен ҳамма қатори меҳнатим билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшсам, дейман. Бунинг учун компьютерим бўлса-ю хизмат шахобчамда қўлдан келганча халқимизнинг ҳожатини чиқарсам.

Туман Кенгаши депутати, “Соҳибқирон” фермер хўжалиги раҳбари Солижон Ходжамов унинг истагини амалга оширишни ўз зиммасига олди.

1-гуруҳ ногирони Дилшодбек Холиқов ҳам қалб кечинмаларини ўртоқлашди. Миннатдорчилигини билдирди.

Бутун куч-қувватини туманда пахтачилик ривожига, Қўшқишлоқ турмуш фаровонлигини оширга сарфлаган Худойберди Турсуновлар хонадонида бўлдик. Чол-кампир фарзанду набиралар даврасида қарилик гаштини сурмоқда. Ирода Қўчқарова билан биргаликда меҳнат фахрийсига эзгу тилаклар билдириб, совғаларни топширдик. Чол-кампир узундан-узоқ дуо қилиб, санаторийга имтиёзли йўлланма бўлса дам олиб, соғлиқларини тиклаб келиш орзулари борлигини айтишди.


– Чол-кампирга иккита йўлланма мендан, – деди тадбиркор фермер Солижон Ходжамов. – Ўзим олиб бориб қўяман. Ахир сиз қадрдон устозимсиз. Ҳамиша хизматга шаймиз.

10 йилдан буён дард билан олишиб, уйида даволанаётган Маъмура Меҳмонова ҳам меҳмонлар ташрифидан беҳад мамнун бўлди. Одам кўнглини одам, айниқса, меҳрибон кишилар кўтараркан-да.

– Янгиликлардан доимо хабардор бўлиб турамиз, – деди у. –Эҳтиёжманд одамларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган савобли ишлардан жудаям хурсандмиз. Уйларимиз меҳр-мурувват ёғдусига тўлмоқда. Қалбларимизни шукроналик туйғулари қамраб олган. Бунинг учун ташкилотчиларга минг раҳмат!..

Зарифа ташкил этган бундай хайрли ва эзгу ишлар, энг аввало, оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайру саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар турмуши сифатини яхшилаш билан бирга аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш ҳамда халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Бир кунда 60 хонадонга эзгулик, саховат қувончлари олиб кирилгани фикримизга тасдиғидир. Ҳар бир кишининг ўз ҳаётидан мамнун бўлганча умргузаронлик қилишини таъминлаш, оғирини енгиллаштириш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, фаровон яшашини кафолатлаш, сиҳат-саломатлигини муҳофаза этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Қосимжон Акбаров,
"Мингбулоқ"газетаси
муҳаррири

ЎзА
5 570