ЎзА Ўзбек

31.07.2018 14:27 Чоп этиш версияси

Ўғрининг изига тушган қароқчи

Ўғрининг изига тушган қароқчи
Ёши элликни қоралаган зарбдорлик Олмос Қиличев гиёҳванд моддалар савдосидек тубан ишни касб қилди.

Ишининг жиноят эканини яхши билган, лекин осон пул топишни кўнглига туйган Олмос, табиийки, бу борада жуда эҳтиёткор бўлди. Фақат “ишончли мижозлар” билан алоқа қилар, бегоналарга иложи борича яқинлашмас, ўзининг назарида “шубҳали” бўлган кишилар билан умуман гаплашмасди.

Устомон “сотувчи” касални ҳар қанча яширмасин барибир иссиғи ошкор қилди. Жиззах вилояти ИИБ Зарбдор тумани ички ишлар бўлими ходимлари бу хатти-ҳаракатлардан хабар топди. Оғуфурушни жиноят устида, рад этиб бўлмас далиллар билан ушлаш чоралари кўрилаётган бир пайтда Ғиёсхон Омонжонов пайдо бўлди.

Илгари ўғирлик ва фирибгарлик жинояти учун судланиб, тегишли жазосини олган Ғиёсхон Омонжонов ички ишлар ходимларига Олмос Қиличевнинг ҳаракатларидан хавотирда эканини, одамларга зарари тегаётганини билдиради. У одамларнинг ҳаётига, оиласига рахна солувчи оғуфурушлик жиноятига чек қўйишда ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини, бунинг учун шартли харидор вазифасини бажариб беришини айтади. Бир муддат ўрганишлардан сўнг таклиф маъқул, деб топилди.

Шартли харидор “сотувчи” билан тез тил топишди. “Келишдик, ўзимиздан экансиз”, деганча қўл беришди. “Мол” харидорга, пул “сотувчи”га узатилаётган пайт ички ишлар ходимлари пайдо бўлди. Буни кутмаган Олмос Қиличев бир зум гангиб қолди, аммо тезда ўзига келиб, фаол қаршилик кўрсата бошлади. Шу пайт унинг чўнтагидан уяли телефони тушиб қолади. Гумонланувчини тинчлантиришга уринаётган тезкор ходимлар алоқа воситасининг ерга тушганини пайқамайди.

Воқеани бир четда кузатиб турган шартли харидор эса эски одатини қўмсаб қолади, ерда ётган ўзганинг қўл телефонини олишдан ўзини тия олмайди. Ғиёсхон Омонжонов ички ишлар идорасидан узоқлашгандан сўнг, телефон хотирасини эринмасдан кўриб чиқади. Ундаги телефон рақамларини бир-бир кўздан кечирар экан, “Онаси” номи остида сақланган рақамларга кўзи тушади ва нияти бузилади.

Воқеалар ривожи кишини ўйга толдиради, мулоҳазага чорлайди. Наҳот жинояти учун сўров берган кимса бундан ўзи учун тегишли хулоса чиқармаган? Ёки “Букрини гўр тўғрилайди”, “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганлари шуми?

Ғиёсхон эртасигаёқ Олмоснинг турмуш ўртоғи Гуллола Қиличевага қўнғироқ қилиб, “Эрингиз наркотик моддалар савдосида айбланиб, қамоққа олинди”, дейди. Бу хабардан аёлнинг довдираб қолганини тасаввур қилиш қийин эмас. Ғиёсхон гап орасида ўзининг вилоят ички ишлар бошқармаси ходими эканини қистириб ўтади ва ҳолатни ўнглаш мумкинлигига ишора қилади.

Томонлар Жиззах шаҳридаги “Кўкбозор” деҳқон бозори ҳудудида учрашади. Ғиёсхон 5 миллион сўм эвазига Олмос Қиличевни озодликка чиқариш “имкони” борлигини, пулни олгунга қадар айбланувчининг шароитини енгиллатиш чораларини кўришини айтади. Тўладан келган, сочлари калта олинган, гап-сўзи дангал Ғиёсхон Омонжонов аёлда шубҳа уйғотмайди. Ишонч билан гапираётган, қўлида эрининг телефонини тутган инсонга ишонган аёлни тушуниш мумкин албатта. Турмуш ўртоғи унга ишониб телефонини, уй рақамини берибдими, демак, ишонса бўлади. Биров билмасин, дейиши ҳам тўғри, бу ерда пора ҳақида гап бораяпти ахир, аёлнинг хулосаси шу бўлди.

Айтилган суммани Ғиёсхон кўп кутмади, олди-ю ғойиб бўлди. Гуллола Қиличеванинг кутишдан бошқа чораси қолмаганди. Кўп ўтмай Зарбдор тумани Ойбек номидаги маҳаллада яшаган Олмос Қиличевнинг жинояти ўз исботини топиб, у озодликдан маҳрум қилинди. Гуллола шундан сўнггина “ички ишлар ходими”ни суриштира бошлади. Фирибгарнинг тузоғига тушганини билган аёл бу ҳақда ариза билан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати берган хабарда Ғиёсхон Омонжоновни топиш қийин бўлмагани айтилади. Фирибгар дастлабки суҳбатдаёқ қилмишига иқрор бўлди. Айни пайтда мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқорида келтирилган барча исм-фамилиялар ўзгартирилгани ва тўғри келган ўхшашликлар бўлса, тасодифлигини эслатиб ўтамиз.

Икром Аввалбоев, ЎзА
4 406